ЦЕРУССИТ

ЦЕРУССИТ, оқ қўрғошин рудаси — карбонатлар синфига мансуб минерал, қўрғошин карбонати. Кимёвий таркиби РЬСО3; оз микдорда Са, Zn, Sr, Mg аралашган бўлади. Ромб сингонияда кристалланади. Арагонитнинг структуравий аналоги. Кристаллари псевдогексагонал-дипирамидал, устунсимон ва б. шаклларда. Донадор, кукунсимон, толасимон агрегатлар ҳосил қилади. Рангсиз, оқ, кулранг, қора, камдан-кам қўнғир, кўк, яшил тусда. Олмосдек, баъзан шишасимон ялтирайди, шаффоф. Қаттиқлиги 3—3,5, зичлиги 6,4—6,6 г/см3. Жуда мўрт. Қўрғошинли томирларнинг ер сатҳига яқин зоналарида карбонатли сувларнинг галенитга таъсири натижасида ҳосил бўлади. Синоними: акрузит, қўрғошин шпати. Қўрғошин олинадиган руда ҳисобланади. Церуссит 10—11-а. лардан маълум бўлиб, қўрғошиннинг осон ишлов бериладиган рудаси сифатида фойдаланилган. РФ (Олтой), Қозоғистон, АҚШ ва Австралияда конлари бор. Ўзбекистонда Қўрғошинкон, Лочинкон, Жан. Дарбоза конларида топилган.