ЛУТФУЛЛАЕВ

ЛУТФУЛЛАЕВ Эсон (1935.25.11, Фориш тумани — 2000.1.12, Тошкент) — Ўзбекистон халқ ҳофизи (1997). Ҳ. Олимжон номидаги Самарқанд драма театри (1956—57), Ўзбек давлат филармонияси (1957—60), «Мақом» ансамбли (1960—2000)да ишлаган. Ёқимли, диапазони кенг ва кучли овоз соҳиби. Устозлари Ж. Султонов ва М. Узоқов анъаналарининг давомчиси. Репертуаридан мақом ва мумточ ашула йўллари («Наврўзи сабо». «Феруз I — II». «Мўғулчаи Наво». «Чапандози Баёт», «Чоргоҳ I», «Бухоро Ироғи», «Сувора» ва б.), катта ашулалар («Соғиндим», «Оҳким» ва б.), 100 га яқин ўзи басталаган ашулалар («Кўзига сурма қилди», «Юраги тоза бўлсин», «Зор этма», «Дастингдан», «Ноз уйқуси», «Афсона деб» ва б.) ўрин олган. Ўзбекистон телевидениесида Лутфуллаев ижодига бағишланган 2 та видеофильм («Эсон Лутфуллаев куйлайди», 1991; «Бокира туйғулар», 1998) суратга олинган, Лутфуллаев ижро этган ашулалар грампластинкада чиқарилган («Эсон Лутфуллаев куйлайди» ва б.).