ЛОТИН АЛИФБОСИ, лотин ёзуви — Қад. Римда унча катта бўлмаган Лаций вилоятининг («лотин» сўзи ҳам шундан), хусусан, унинг маркази Рим шаҳрининг ёзуви, ҳарфий ёзув; ғарбий юнон ёзуви асосида пайдо бўлган. Мил. ав. 9—8-а. ларда ҳоз. Италия ҳудудига кириб келган алифболи юнон ёзуви аста-секин ривожланиб, фақат мил. ав. 4—3-а. лардагина мустақил Лотин алифбоси юзага келган. Ушбу ёзувдаги энг қад. ёдгорликларда (мил. ав. 6—4-а. лар) ёзув йўналиши ҳам ўнгдан чапга, ҳам чапдан Лотин алифбоси ўнгга бўлган, мил. ав. 4-а. дан кейингина чапдан ўнгга қараб ёзиш барқарорлашган. Бу даврдаги ёзувда тиниш белгилари бўлмаган, ҳарфлар бош (катта) ва кичик ҳарфларга ажратилмаган. Лотин алифбосида дастлаб 20 та ҳарф бўлган, мил. ав. 1-а. дан бошлаб юнон тилидан кирган сўзларни ёзиш учун Y, Z ҳарфлари қўллана бошлаган. Ушбу алифбо ўрта асрларда кўплаб шакл ўзгаришларига учраган хрлда ривожланишда давом этади. 11 – а. да W ҳарфи, 16-а. да ха J ва V ҳарфлари алифбога киритилади. Кейинги ривожланиш даврида, китов босиш ишлари йўлга қўйилганидан кейин, тиниш белгилари, диакритик белгилар пайдо бўлди, бош ва кичик ҳарфлар фарқлана бошланди.
Ҳоз. Лотин алифбоси 2 хил типографик шаклга эга: асл лотин ҳарфлари (иккинчи номи — «антиква») ва гот ёзуви («фрактура» деб ҳам аталади). Уларнинг биринчиси, яъни лотин ҳарфлари энг қад. алифбога яқин бўлиб, ҳоз. амалиётда, асосан, ана шу ҳарфлардан фойдаланилади.
Рим империяси кулагач, хусусан, 8-а. дан эътиборан Лотин алифбоси Ғарбий Европадаги кўплаб халқларнинг ёзув тизимлари учун асос бўлди. Ҳоз. даврда дунё тилларининг 30—35%и Л. а. дан фойдаланади. Ўзбекистонда ҳам 1929—40 й. ларда шу алифбо асосидаги ўзбек ёзуви амалда бўлган (қ. Ёзув, Ўзбек лотин алифбоси). Миллий ёзув тизимлари Лотин алифбосига асосланган халқларнинг алифболаридаги ҳарфлар таркиби, албатта, қад. Лотин алифбосидан фарқ қилади. Лотин алифбосининг тегишли фонетик тизимларга мослашуви диакритик белгиларни киритиш орқали амалга оширилади.
Абдуваҳоб Мадвалиев.