ЛОГОС

ЛОГОС (юн. logos) — юнон фалсафасидаги тушунчалардан бири; дастлаб — сўз, нутқ, тил; кейинчалик кўчма маънода — фикр, тушунча, акл, мазмун, оламий қонун маъносини англатган. «Логос» терминини Гераклит жорий қилган. Логосни борлиқни ҳар томонлама англаш, унинг ритми ва уйғунлиги деб, аввал-ибтидо олов билан айнан деб тушунган, дунёнинг асоси деб билган. Логос абадий, умумий ва зарурий, ҳамма нарса Логос бўйича содир бўлади. Платон ва Аристотель Л. ни ҳам борлиқнинг қонуни, ҳам мантиқий принцип сифатида тушунган. Аристотель фикрича, ички Логос (ҳали айтилмаган фикр) ва ташқи Логос (айтилган сўз) мавжуд. Стоиклар ҳам ички Логосни ташқи Логосдан фарқ қилсаларда, лекин улар Логосга бирмунча бо-шқачароқ мазмун берадилар. Уларнинг фикрича, Логос ҳамма нарсанинг ибтидоси бўлиб, барча нарсалар Логосдан бошлаб ривожланади. «Логос» тушунчаси яҳудийлик ва христианлик таълимотларида ҳам бор. Христианликка кўра, Логос щахс сифатида ердаги тирик худо (Исо)дир, худо билан бу дунё ўртасидаги воситачидир. Янги замон фалсафасида «Л.» тушунчасини Гегель ишлатди, у Л. ни объектив тушунча билан бирдай қилиб кўрсатди ва уни «мавжудот акли» ёки «оламий ақл» деб ҳисоблади.