ЛИЧИНКА (рус.) — кўпчилик умуртқасиз ва айрим умуртқали ҳайвонлар (балиқлар, сувда ва куруқликда яшовчилар)нинг индивидуал ривожланишидаги постэмбрионал (тухумдан чиққандан кейинги) даври. Личинка тухумдаги захира озиқ модда морфогенезнинг тугал-ланиши учун етарли бўлмаган ҳайвонларга хос. Личинка мустақил ҳаёт кечиради, фаол озикланади, бир неча марта туллаб, яъни қаттиқ пўстини ташлаб (бўғимоёқлилар ва айрим б. умуртқасизлар) ўсади ва ривожланади. Одатда, Личинка вояга етган даврда бўлмайдиган бир қанча провизор органларга эга бўлади ёки аксинча унда вояга етган ҳайвонлар учун хос бир қанча органлар бўлмайди. Личинка даврининг бўлиши ҳайвонлар ривожланишининг турли даврларида яшаш тарзи ёки яшаш муҳитининг ўзгариб туриши билан ҳам боғлиқ. Ўтроқ яшайдиган ёки кам ҳаракатланадиган ҳайвонларда Личинка турнинг тарқалишини таъминлайди (мас, ғовактанлиларнинг паренхимуласи ва амфибластуласи, бўшлиқичлиларнинг плануласи, кўп тукли ҳалқалилар трохофораси).
Личинка билан вояга етган организм тузилишида фарқ қанча катта бўлса, унинг вояга етган хайвонга айланиши (метаморфоз) шунча чуқур бўлади. Айниқса, немертин, нинатерилилар, ҳашаротлар ва б. бир қанча умуртқасиз ҳайвонларда метаморфоз жуда чуқур ўзгаришлар орқали содир бўлади. Mac, тўлиқ ўзгариш орқали ривожланадиган ҳашаротларнинг ғумбак даврида личинкалик органларининг деярли барчаси батамом емирилиб, вояга етган даврга хос органлар махсус муртаклар — имагинал дисклар ҳисобидан шаклланади. Фаол личинкалик давр бир ойдан (икки қанотлилар, капалаклар) бир неча йилгача (май қўнғизи ва б. пластинка мўйловлилар) давом этади.
Амбистомалар Личинкаси (аксолотль) одатдаги шароитда вояга етган давргача ривожланмасдан, Личинка даврида кўпайиш хусусиятига эга (қ. Неотения). Айрим ҳайвонлар Личинкаси ўз аждодлари тузилиши белгиларига эга бўлади.