ЛИ БО

ЛИ БО (иккинчи номи — Ли Тайбо) (701—762) — хитой шоири. Илк шеърлари романтик рухда ёзилган. Уларда табиат манзаралари, самовий туйғулар, юрт қиёфаси, инсонлар ўртасидаги узаро муносабатлар акс эттирилган. Ёшлигида даосизм билан қизиққан. Инсон озодлигини улуғлайдиган бу оқим Конфуций қарашларига қарши бўлган. Ли Бо жангчилар матонати, ҳарбий юришлар деҳқонлар бошига солган ташвишлар ҳақида ёзади. Шеърларида аслзодалар, амалдорларнинг шафқатсизлигидан нафратланади. 756 й. да Ань Лу-шаннинг императорга қарши қўзғолони пайтида Ли Бо шаҳзода Ли Линнинг хизматида бўлади. Шаҳзода Ли Лин тарафдори сифатида шоир Еланга сургун қилинади (3 йилдан кейин афв этилади). Ли Бонинг адабий мероси 900 шеърдан зиёд деб баҳоланган. Ли Бо хитой шеъ-риятини эркинлаштириш борасида кўп ишлар қилган. Унинг мероси Хитойда 20-а. да кенг ўрганилган ва турли тилларга таржима қилинган, у жаҳоннинг йирик лириклари билан бир сафда туради.