ЛЕЙСЕК Вячеслав Вячеславович (асл исми Франтишек Вацлав; 1857, Чехия — 1935, Тошкент) — ҳарбий капельмейстер, композитор. Прага консерваториясини тугатгач, Туркистонга келиб ҳарбий капельмейстер бўлган (1878). Ўша даврдаёқ Марказий Осиё халқлари куйларини тўплаш ва пуфлама чолғулар оркестри учун қайта ишлашга киришган. Лейсек яратган «Осиёча попурри» (1890) чет элларда (1891, Чехияда) ижро этилган биринчи ўзбек оҳангларига асосланган композиторлик асарларидан. 1918 й. га қадар Тошкентдаги «Лира» хор жамияти, «Туркистон мусиқа жамияти»ни бошқарган. 1920 — 30 й. ларда Тошкент мусиқа техникумида ўқитувчилик, «Матбуотчилар» клубида торли чолғулар оркестрига раҳбарлик қилган. 50 йиллик ижодий фаолияти давомида ўзбек, қозоқ, қирғиз, татар ва б. халқларнинг куй ва қўшиқларини тўплаган, айрим ўзбек куйларини («Ражабий», «Муножот», «Болжувон» ва б.) пуфлама чолғулар оркестри учун қайта ишлаган.