ЛЕЦИНЛАР

ЛЕЦИНЛАР (юн. lekithos — тухум сариғи) , фосфатидилхолинлар — фосфолипидларнинг асосий фракцияларидан бири, холин ва диглицерид фосфат (фосфатид) кислоталарнинг эфирлари. Лецинлар молекулалари глицерин, ёғ кислоталари (асосан, стеарин, пальмитин, олеин ва линол), фосфат кислота ва холин қолдиқларидан тузилган. Гигроскопик, спиртда, этил ва петролей эфирларида яхши эрийди, ацетонда эримайди. Жониворлар организмида (жигар, сперма, қон, буйрак усти бези, тухум сариғида) ва ўсимликларда (соя ва кунгабоқар уруғида, буғдой бошоғида) мавжуд. Лецинларнинг организмдаги асосий функцияси — биологик мембраналар тузилишида иштирок этиши. Бир қатор Лецинлар синтез қилинган. Тиббиётда қорамол миясидан экстракция йўли билан олинадиган церебролецитин кўп қўлланилади. Нерв системаси касалликларида, умумий ҳолсизланишда, анемияда ичилади. Лецинлар озиқ-овқат, тўқимачилик ва атир-упа и. ч. саноатида ҳам ишлатилади.