ЛЕНИНГРАД ЖАНГИ

ЛЕНИНГРАД ЖАНГИ (1941 10 7 – 1944.9.8) — 2-жаҳон уруши давридаги жанг. 1941 й. нинг июль-сент. да куч жиҳатдан устунликка эга бўлган немис фашист қўшинларининг «Шимол» армия гуруҳи, совет қўшинлари қаршилигини енгиб, Ленинград ш. атрофига ва Ладога кўли соҳилига чиқишган ҳамда бу билан шаҳарни мамлакат ичкарисидан ажратиб қўйишган. 900 кунлик қамал пайтида Ленинград фронти қўшинлари Болтиқ денгизи флоти кучлари ва Ладога ҳарбий флотилияси душманнинг барча ҳужумларини қайтаришди. Ленинград халқи ваҳшийларча бомба ташлашлар, очарчилик ва совуқ ҳавога қарамай, фронтга ёрдам берган. Шаҳарни ва қўшинни таъминлаш «Ҳаёт йўли» (Ладога кўли) орқали амалга оширилган. 1943 й. янв. да Ладога кўлининг жан. қирғоғи бўйлаб чўзилган қисми қамалдан бўшатилган. 1944 й. нинг мартида немис фашист қўшинлари Ленинграддан 220—280 км нарига улоқтириб ташланган. 1944 й. июнь-авг. ойларида Виборг ва Свир-Петрозаводск операциялари вақтида фин қўшинлари тор-мор келтирилган ва бу билан Ленинградга шим. дан бўлажак хавф бартараф қилинган.