ЛАЗГИ

ЛАЗГИ — Хоразм халқ куйи ва рақси. Куй кичик муқаддима ва 3 қисмдан иборат. 6/8 ўлчовли гул уфори усулида ижро этилади. Рақс секин ва оддий ҳаракатлар б-н бошланади — олдин бармоқлар, билаклар, елка ва кейин бутун тана жонлана бошлайди. Сўнгра бирданига кўл, оёқ, тана иштирок этадиган мураккаб ҳаракатлар уланиб кетади. Куйнинг бир қисми такрорланган ҳолда рақс ҳаракатлари алмашиб боради. Куй характери ўзгариши ва суръат тезлашиши билан рақс тобора қизғинлаша бориб, кескин ҳолда тамом бўлади. Эркаклар (жанговар ва қаҳрамонлик руҳида) ва аёллар (лирик, ҳазиломуз) рақслари фарқланади. Ҳоз. даврда Хоразмда Лазги рақсининг 9 тури мавжуд бўлиб, улар «Қайроқ лазгиси», «Дутор лазгиси», «Сурнай лазгиси» ва ҳ. к. Булардан ташқари, 20-а. ўрталаридан бошлаб сўз билан ижро этиладиган, турли ижрочилар томонидан яллали Лазгилар яратилган: «Кимни севар ёрисан» (К. Отаниёзов), «Лойиқ» (А. Отажонов ва М. Раҳимов), «Сани ўзинг бир ёна» (О. Ҳайитова, Б. Жуманиёзов), «Гал-гал» (Б. Ҳамдамов), «Паранг рўмол» (О. Худойшукуров), «Хоразмнинг лазгиси» (О. Отажонов), «Ўйна-ўйна» (К. Раҳмонов), «Ажойиб» (Т. Шому-родов) ва бошқалар. Лазгининг куй ва усулидан Ш. Рамазонов «Хоразмча сюита»сида, М. Юсупов «Хоразм қўшиғи» операси ва «Гулсанам» балетида, Б. Гиенко «Хоразм мавзуларига сюита»сида, С. Юдаков «Хоразмча байрамона юриш»ида, М. Бафоев «Хоразмча каприччио»сида унумли фойдаланишган. Ботир Матёқубов.