ЛАЗЕР СПЕКТРОСКОПИЯ

ЛАЗЕР СПЕКТРОСКОПИЯ — оптик спектроскопия соҳаси; газсимон, суюқ ва кристалл ҳолатдаги моддаларнинг атомлари ва молекулалари спектрларини лазер нурлари ёрдамида тадқиқ қилади. Лазер спектроскопия квант электроника ва оптик спектроскопия чегарасида вужудга келган. Лазерлар яратилгандан сўнг Лазер спектроскопияси жадал ривожлана бошлади. Лазер нурининг ўзига хос хусусиятлари одций (когерент бўлмаган) ёруғликни қўллаганда кузатиш мумкин бўлмаган жараёнларни кузатишга имкон беради. Лазер спектроскопиянинг кенг спектрал диапозонда нур частотасини узлуксиз ўзгартиришга имкон бериш, наносекунд, пикосекунд ва фемтосекунд давоматли ёруғлик импульсларини олиш услубларини яратиш, нурни тўлқин узунлигига тенг ўлчамли жойга фокуслашга имкон бериш хоссалари қуйидаги масалаларни ечишга имкон берди:

1) ёруғликнинг муҳитларда юз берадиган комбинацион ва Мандельштам — Бриллюэн сочилиши спектрал чизиқларининг таркиби ва шаклини ўрганиш;

2) атом ва молекулаларнинг селектив равишда уйғонган ҳолатларга ўтказиш ва уларнинг шу ҳолатлардаги яшаш вақтини топиш ҳамда пастки ҳолатларга релаксация қилиш ва кимёвий реакцияларга туртки бериш қонуниятларини тек-шириш;

3) атом ва молекулаларда, суюк, ва қаттиқ жисмларда кўп фотонли ўтишни (бир нечта фотоннинг бир пайтда биргаликда ютилишини) кузатиш ҳамда жисмларнинг катта кувватли лазер нури остида емирилиш жараёнининг табиатини ўрганиш;

4) лазер нури таъсирида юз берадиган флуоресценция ёрдамида атом ва молекулаларнинг тўқнашуви натижасида спектрал чизиқларнинг кенгайиши ва сурилишини аниклаш, тўқнашувлар частотасини ўлчаш ва тўқнашувларларда энергиянинг бир заррадан иккинчисига узатилишини тадқиқ қилиш;

5) атомли ва ионли газларни совитиб, уларнинг т-расини 1К дан ҳам пастга тушириш қонуниятларини аниклаш;

6) изотопларни лазер нури таъсири остида селектив ажратиб олиш;

7) атмосферани заҳарловчи ҳар хил газларни масофадан туриб текшириш ва уларнинг таркибини аниклаш; 8.) биомолекулалар ва ҳужайраларда юз берувчи тез ва ўта тез жараёнларни ўрганиш ва алоҳида танланган ёлғиз ҳужайрага лазер нурини фокуслаб, уни селектив равишда уйготиш.

Физика, кимё, биол., метрология ва б. фан соҳаларининг назарий ва амалий масалаларини ечишда Лазер спектроскопиядан кенг фойдаланилмоқда. Ад.: Лазерная спектроскопия атомов и молекул [пер. с англ. ], М., 1979. Маьруф Крсимжонов.