ЛАВША

ЛАВША (scorbutus) , цинга, скорбут, Барлоу касаллиги — овқат таркибида С витамин (аскорбин кислота) етишмаслигидан ёки уни организм етарли ўзлаштирмаслигидан келиб чиқадиган касаллик. Л. да, асосан, марказий нерв системаси фаолияти бузилади: бемор бўшашади, тез толиқади, уйқучан бўлиб қолади. Боши айланади, кейинроқ бориб қулоқ, бурун, лаб, бармоқлар ҳамда тирноклар кўкаради; милк шишади ва қонайди, оғиздан бадбўй ҳид келади, тишлар лиқиллаб туша бошлайди. Болдир, сон ва думбада қизғиш қорамтир тошмалар пайдо бўлади, кейинроқ тери ости ва мускул ораларига (кийим тегиб турадиган жойларда) қон қуйилади. Булардан ташқари, аъзолар, бўғимлар ва тана бўшлиқлари (плевра бўшлиғи)га қон қуйилади, меъда-ичак, юрак-томир системаси фаолияти бузилади, қон босими пасаяди, анемия кузатилади. Лавшанинг олдини олиш учун таркибида С витамин мўл маҳсулотлар, хусусан сабзавот (сабзи, картошка, карам) ва мевалар (қора смородина, наъматак, қулупнай) еб турилади.

Давоси: аскорбин кислота, С ва Р витамин препаратлари буюрилади.