ЛАВРЕНТИЙ ҚИРЛАРИ

ЛАВРЕНТИЙ ҚИРЛАРИ — Шим. Американинг шим.-шарқий қисмидаги қирлар. Канада ва қисман АҚШ ҳудудида. Шим. ва шим.-шаркдан Атлантика океани ўраб туради. Майд. 5 млн. км2. Бал. 200—400 м, шарқий қисми (Лабрадор я. о.) нисбатан баландроқ (Торнга тоғи, 1676 м). Лаврентий қирлари гнейс, кристалли сланец, гранит, диоритлардан тузилган. Темир рудаси, никель, олтин, уран ва б. фойдали қазилмаларга бой. Плейстоценда муз б-н қопланган. Муз ўйган чуқурликларда кўллар пайдо бўлган. Лаврентий қирлари мўътадил ва субарктика иқлим минта-қаларида жойлашган. Қишнинг узоқ, ёзнинг салқин ва қисқа булишида Лабрадор совуқ оқимининг таъсири бор. Тўнг ерлар, кўл ва дарё кўп. Йирик дарёлари: Черчилл, Нельсон, Бак ва б. Дарёлари серостона, баҳорда тўлиб оқади. Шим. дан жанубга томон тундра, ўрмон-тундра ва тайга зоналари алмашиб боради. Мох, лишайник, қайин, оқ қарағай, тилоғоч, заранг, оқ қайин ўсади. Шимол буғуси, қутб тулкиси, лемминг, қутб бўриси, қора айиқ, сувсар, бобр, ондатра ва б. яшайди.