ЛАВҲУЛ МАҲФУЗ

ЛАВҲУЛ МАҲФУЗ (араб. – қўрикланувчи лавҳ) — диний манбаларга кўра, оқ дурдан ясалган, узунлиги Ер бн осмон оралиғича, эни Машриқ билан Мағриб оралиғича, икки саҳифадан иборат буюк бир китоб. Таърифланишича, унинг ёнида ёзув қалами бўлиб, унинг ҳам катталиги Лавҳга мос келадиган шаклда. У бир улкан фариштанинг кўкрагига ўрнатилган бўлиб, устки қисми Арши аълога боғлаб қўйилган экан. Ривоятларга қараганда, Аллоҳ ҳамма нарсадан олдин мазкур Лавҳ билан қаламни яратиб, то қиёматгача яратадиган нарсаларини ва бўлажак ишларни, илоҳий китобларни, такдир ва қазони ҳам Лавҳга битиб қўйган. Қуръонга кўра, Аллоҳ ундаги ёзувлардан хоҳлаганича қисмини ўчириб, унга хоҳлаганича ўзгартиришлар киритиб туради.