ЛАВАНДАК ҚАБРИСТОНИ

ЛАВАНДАК ҚАБРИСТОНИ — қад. қабристон (мил. ав. 2-а. нинг 2-ярми — мил. 1-а.). Бухоро вилоятининг Лавандак қишлоғи яқинидан топилгани учун номи шундан. 130 мозорқўрғон бор. Мозорқўрғонлар Ўрта Осиёнинг шим. даги даштдан келган сарматларта мансуб. Тузилиши 2 хил: зинапоя б-н тушиладиган лаҳад ва ён томондан унгурсимон қилиб кавланган қабр. Л. қ. да маййитлар чалқанчасига, боши жан. га қаратилган ҳолда букчайтириб, тиззалари кериб кўмилган; жуфт-жуфт кўмилганлар ҳам учрайди. Лавандак қабристонидан ёғоч қинли дудама қилич, ярим ой тамғали ва тамғасиз дудама ханжар, уч парракли темир пайконлар ва ўроқсимон пичоқлар топилган. Қабрдан ҳайвон суяги, кўзача, коса, қадаҳ, олтин рангли шиша мунчоқ ва ярқироқ тошлар, зирак, аёл юзи тасвирланган олтин қоплама, жезойна, узук, кийим парчалари чиққан.