ЛАТИПОВ

ЛАТИПОВ Ҳикмат (1900.1.1, Бухоро — 1981.4.2, Тошкент) — Ўзбекистон халқ артисти (1950). Саҳна фаолиятини Бухоро театрида бошлаган (1922 — 24). Москва ўзбек драма студиясида таълим олган (1924—27). 1927—61 й. лар Ҳамза театрида актёр. Л. яратган образлари ўз характери билан образнинг ғоявий ва ижтимоий моҳиятини, ички оламини чуқур ва ҳаққоний очилиши ва зўр таъсирчанлиги билан ажралиб туради. Ифодали саҳна нутқи, мимика ва гриммнинг мукаммаллиги, ижроси содда ва ҳаётийлиги билан қимматлидир. Театр саҳнасида Барах («Маликаи Турандот»), Менго («Қўзи булоқ»), Подколёсин («Уйланиш»), Қодирқул мингбоши («Бой ила хизматчи»), Абдулмалик («Алишер Навоий»), Ёрмат («Қутлуғ қон»), Брут («Юлий Цезарь») каби 80 дан ортиқ образ яратган. Латипов машҳур кино актёри сифатида ўзбек киносининг ривожига муносиб ҳисса қўшган. Аб-дужаббор («Стадионда учрашамиз»), Мансур («Кониют ғорининг сири»), Шукур («Лайлак келди, ёз бўлди»), Ғани («Сайёд қўнғироғи»), Сайд Обид («Улуғбек юлдузи»), Жўра («Жўра саркор»), ота («Севги фожиаси»), Очил Бува («Чинор») ва б. актёрга шуҳрат келтирган ролларидир.