ЛАТА МАНГЕШКАР

ЛАТА МАНГЕШКАР (1929.28.9, Ҳиндистон, Мадҳья Прадеш штатининг Индоур ш.) — ҳинд хонандаси. Сангит Натак академиясининг фахрий д-ри (1989). Ниҳоятда жозибали, мафтункор, майин ва кенг диапазонли овоз соҳибаси. Лата Мангешкар 9 ёшидан катта саҳналарда хонанда сифатида танилган. 1941 й. Лаҳор ш. да «Арт Пикчерс» киностудияси танловида ғолиб чиқиб, кинофильм қўшиқларини ижро эта бошлаган. Жами 1000 га яқин (шу жумладан, «Байжу Бавра», «Барсат», «Тожмаҳал», «Ганг дарёси оққан мамлакатда», «Дайди», «Жаноб 420», «Янги Деҳли», «Сангам», «Менинг исмим масхарабоз» ва б.) фильм қўшиқларини катта маҳорат, нозик дид билан ижро этган. Концерт дастурларидан ҳинд мумтоз (ишқий «ғазал», диний «бқожон» ва б.), ўзга халқ (урду, панжоб, бенгал, тамил, телугу ва б.) лар ва замонавий муаллифлар қўшиқлари ўрин олган. Ҳиндистоннинг энг олий — «Падма Бҳушан», «Дада Саҳиб Пҳалке» давлат мукофотлари билан тақдирланган. Жаҳон бўйлаб гастролда бўлган (жумладан, Ўзбекистонда ҳам, 1968).