ЛАШКАР ҚУШБЕГИ

ЛАШКАР ҚУШБЕГИ (? – 1842) – Тошкент ҳокими (1810—40); Читрол вилоятидан чиққан эроний қуллардан. Кўқон хонлиги даврида юқори лавозимларни эгаллаган. 1809 й. да Олимхон Тошкентни босиб олгач, Лашкар қушбегини девонбеги лавозимида шаҳар ҳокими этиб тайинлаган. 1810 й. Олимхон ўлдирилгач, тахтга утирган Умархонни Тошкент зодагонлари совғалар билан дабдабали кутиб олишган. Лашкар девонбеги ва унинг ўғиллари хон томонидан алоҳида тақдирланган. Хон унга қушбеги унвонини берган. 1816 й. Туркистон ш. ни Умархон томонидан эгалланишида Лашкар қушбеги муҳим роль уйнаган. Лашкар қушбеги қозоклардан ташкил топган қўшини билан 1818 й. да Умархоннинг Ўратепа ва Жиззахга (1819) қилган юришида қатнашган. 1830 й. сент. да Лашкар қушбеги 15 минг қушини б-н Муҳаммад Алихоннинг Қашқарга қилган юришида иштирок этган. Қўқон қўшини Шарқий Туркистондаги Янги Ҳисор, Ёркенд, Хўтан ш. ларини эгаллаб Оқсув ва Учтурфонга қадар етганлар, куп қийинчиликлардан сунг Қашқар вилоятидаги Гулбоғни қамал қилишган. 3 ой давом этган қамалдан сўнг, кўп сонли Хитой кўшини яқинлашаётганидан хабар топган қўқонликлар 70 минг қашқарликни узлари билан олиб қайтганлар. Лашкар қушбеги уларнинг бир қисмини Тошкентга келтириб жойлаштирган (шаҳарнинг Қашқар маҳалласи номи шундан). 1841 й. да Қўқонда умумхалқ қўзғолони бошланган. Халқ айбдорларни жазолашни сўраб турган вақтда, хоннинг қабулида Тошкентдан келган Лашкар қушбеги бўлган. Хон Гадойбой парвоначи билан Лашкар қушбегидан ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам халқни тинчлантиришни сўраган. Хоннинг ўзи эса қочган. Лашкар қушбеги ва Гадойбой парвоначи халққа сохта ваъдалар бериб тинчлантирганлар. Шу вақтда Бухоро амири Насруллахон Қўқонга юриш қилгани ҳақида хабар келган. Халқ уз кучини шаҳарнинг мудофаасига йўналтирган. Лашкар қушбеги 1842 й. Бухоро хони Насруллахон Қўқонни эгаллаган пайтда ўлдирилган. У Сирдарё бўйларида Қўқон хонлигига қарашли бўлган Чўлоқ, Сўзоқ ва Оқмачит қалъаларига асос солган. Лашкар қушбеги даврида Тошкентда кенг кўламда ободончилик, қурилиш ишлари амалга оширилган (Бекларбеги мадрасаси, Қўқон ўрдаси, Лашкар қушбеги саройи ва б. қурилган). Янги маҳаллалар (Қашқар маҳалласи, Қушбеги, Девонбеги ва б.) вужудга келган. Шаҳар мудофаа деворлари таъмирланиб янги дарвозалар (Қашқар, Қўқон, Қўймас) ўрнатилган, шаҳар ҳудуди кенгайтирилган. Лашкар қушбеги Анҳор каналининг чап соҳили (тахм. ҳоз. «Анҳор» кафеси ўрни ва унинг ён атрофи)да янги Ўрда қурдирган. Ад. ҳ Бейсембиев Т. К., «Та’рих-и Шах-рухи» как исторический источник, Алма-Ата, 1987; Материалы по истории Средней и Центральной Азии X—XIX вв., Т., 1988; История Узбекистана, Т., 1993. Машҳура Шарипова.