ЛАРУСС ЭНЦИКЛОПЕДИЯЛАРИ

ЛАРУСС ЭНЦИКЛОПЕДИЯЛАРИ — Парижда педагог ва лексикограф П. Ла-русс (1817—75) асос солган «Ларусс» нашриётида чоп этилган энциклопедиялар (1852). Биринчи энциклопедия «XIX асрнинг катта универсал луғати» («Crand dictionnaire universal du XIX e siecle») ёки «Ларусс XIX асрда» деб аталади. Луғатнинг 15-жилди 1865—76 й. лар оралиғида (қўшимча 2 жилди 1878—88 й.) нашр этилган. Унда ижтимоий фанларга оид мақолалар салмокли ўрин эгаллайди, адабиёт ва мусиқа асарларига доир мақолаларга ҳам анчагина ўрин берилган. Мақолаларининг аксарияти даврга нисбатан муросасизлик ва клерикалликка қарши руҳда ёзилгани учун энциклопедия Ватикан томонидан «Тақиқланган китоблар рўйхати»га киритилган. 1897—1904 й. ларда 7 жилддан иборат «Ларусснинг янги суратли энциклопедияси» (қўшимча жилди 1906 й.) нашрдан чиқарилган. 1927—33 й. ларда 6 жилддан иборат «Ларусс XX асрда» энциклопедияси яратилган. 1948—50 й. ларда шу энциклопедия қайта кўриб чиқилиб (қўшимча жилди 1953 й.) нашр этилган. 1960 — 64 й. ларда Ларусснинг кўп жилдли замонавий энциклопедияси — «Ларусснинг 10 жилдли катта энциклопедияси» (қўшимча жилди 1968 й.) яратилди. Мақолалар қисқа маълумотнома шаклида ёзилган, шу сабабли энциклопедияда 450 мингдан ортиқ термин мавжуд. 1971 й. дан Ларусс нашриёти 60 жилддан иборат «катта энциклопедия» устида иш олиб бормоқда. Ҳоз. пайтда унинг ярмидан купи босмадан чиқарилган. Бундан ташқари, фирма болалар ва ёшлар учун илмнинг турли соҳалари (тиббиёт, геогр. қишлоқ хўжалиги ва б.) бўйича бир қатор кичик энциклопедиялар, энциклопедик луғатлар ва маълумотномалар нашр этган. 1906 й. дан бошлаб ҳар йили бир жилдли «Кичик Ларусс» («Petit Larosse») нашр этилмоқда.