ЛАРГО

ЛАРГО (итал. Largo — кенг) — мусиқада энг секин ижро суръатининг белгиси. Асосан, улуғвор, тантанавор ҳамда мотамсаро асарларда, кенг, вазмин ва равон куй ривожига нисбатан ишлатилади. Дастлаб (17-а. да) фақат сарабанда рақси услубида ижро этилган асарларда кўлланилган. 18-а. дан (айниқса, Бетховен ижодидан бошлаб) ўта салобатли талқинга эга бўлди.