ЛАППАК БАЛИҚЛАР

ЛАППАК БАЛИҚЛАР, скатлар (Batoidei) — акуласимонлар туркумига мансуб баликларнинг кенжа турку-ми. Л .6. нинг танаси яланғоч ёки ҳар хил катталикдаги тангачалар билан қопланган, скелети тоғай. Танаси япалоқ, катталиги 6 м гача, оғирлиги 4 т гача. Лаппак балиқлар ҳамма денгиз ва океанларда кенг тарқалган. Улар Арктика ва Антарктиканинг совуқ сувларида ва тропик денгизларнинг илиқ саёз жойларида учрайди. Кўпгина Лаппак балиқлар қирғоққа яқин ерларда, айримлари 2500—2700 м чуқурликда яшайди. Баъзи Лаппак балиқларда электр органлари бўлади (электрли Лаппак балиқлар). Америкада чучук сувда яшайдиган турлари ҳам бор. Л. б. нинг 230 тури маълум. Лаппак балиқларнинг баъзилари тухумдан тирик туғади, айримлари тухум қўйиб кўпаяди. Сув ости умуртқасиз ҳайвонлари билан озикланади. Баъзи турлари овланади.