ЛАПИН Шерали (Серали) Мунайтпасович (1868, Оқмачит — 1919, Самарқанд) — «Шуройи уламо» ташкилоти раҳбарларидан бири (1917—18). Тошкентдаги Туркистон ўқитувчилар семинариясини, Санкт-Петербург унти юридик фак-тини тугатган (1904). Самарқанд вилояти ҳарбий губернаторлиги маҳкамасида таржимон бўлиб ишлаган. 1895 й. Самарқандда унинг 2 асари: «Русча-ўзбекча луғат» (4000 та сўз ва ўзбек тилининг қисқача грамматикаси б-н) ва «Самарқанд шахри тарихий ёдгорликларидаги ёзувларнинг таржимаси» (рус тилида) босилиб чиққан. Л. Гўри Амир, Шохизинда мақбаралари, Бибихоним жоме масжиди, Бибихоним мадрасаси, Шайбоний-хон дахмаси ва б. меъморий ёдгорликлардаги ёзувларни илк марта рус тилига таржима қилган. Марказий рус матбуотида туркий халқлар тарихи, дини ва маданияти тўғрисида илмий мақолалар эълон этган. Туркистонда жадид — янги усул мактаблари очиш талаби билан чиққан. 1916 й. даги қўзғолонларда қатнашган узбек, қозоқ, қирғиз ва б. халқларнинг вакилларини судда адвокат сифатида ўлим жазосидан ҳимоя қилган.
«Шўрои уламо» ташкилотининг Тошкент шўъбасини бошқарган (1917—18). Самарқанддаги Шоҳизинда қабристонига дафн этилган.
Ад.: Мустафо Чўқай ўғли, Истиқлол жаллодлари [1917 й. хотиралари], Т., 1997; Аъзамхўжаев С ., Туркиетон Мухторияти, Т., 2000; Туркестан в начале XX века: к истории истоков национальной независимости, Т., 2000; Ражабов К,., Ҳайдаров М., Туркистон тарихи (1917 — 1924 й.), Т., 2002; Ўзбекистон тарихи (1917-1991 и.), Т., 2002. Қаҳрамон Ражабов, Муродилла Ҳайдаров.