ЛАМБЕРТ

ЛАМБЕРТ (Lambert) Иоганн Генрих (1728.26.8, Мюльхаузен – 1777.25.9, Берлин) — немис математиги, физиги, астрономи ва философи. Берлин ФА аъзоси (1765). Илмий ишлари геометрия (параллел тўғри чизиқлар, конус кесимлари, перспектива назарияси), сферик тригонометрия ва алгебрага оид. Ламберт л сонининг иррационаллигини биринчи бўлиб исботлаган (1766). У гиперболик функциялар аппаратини би-ринчилардан бўлиб қўллаган ва бу функцияларга ном берган (1768). Л мантиқий ҳисобни ишлаб чиққан ва Ж. Буль мантиқий алгебрасининг ғояларини олдиндан билган. Физикада Ламберт атмосферада ёруғлик рефракциясини ўрганган, фотометрияга оид текширишлар ўтказган, хира сиртларда ёруғлик қайтиши назариясини берган. Астрономияда кометали орбиталарни, Юпитер ва Сатурн ҳаракатлари хусусиятларини текширган.