ЛАМАРК

ЛАМАРК (Lamarck) Жан Батист Пьер Антуан де Моне (1744.1.8, Базантен, Пикардия — 1829.18.12, Париж) — француз табиатшуноси, дастлабки тўлиқ эволюцион таълимот асосчиси (қ. Ламаркизм). Париж ФА аъзоси (1783 й. дан). Парижда тиббиёт ва ботаникани ўрганди (1772—76 й.). «Франция флораси» (1778) 3 жилдли асарида ўсимликлар систематикасининг асосий принципларини баён қилди. «Ўсимликларнинг табиий тарихи» (1803), «Зоология фалсафаси» (1809) асарларида ўзининг градация тўғрисидаги таълимотини асослаб берди. «Умуртқасизлар табиати тарихи» асарида (1815—22) ҳайвонларни астасекин оддийдан мураккаблашиб бориши тартибида системага солди. Л. Биринчи марта ҳайвонларни умуртқасизлар ва умуртқалиларга ажратишни таклиф қилди. У илк бор «умуртқасизлар» ва «биология» терминларини фанга киритди, зоопсихологияга асос солди. Ас: Избранные произведения, т. 1—2., М., 1955.