ЛАЛМИКОН ТУЗ КОНИ

ЛАЛМИКОН ТУЗ КОНИ — Қашқадарё вилоятининг жан.-шарқидаги кон. Деҳқонобод шаҳарчасидан 50 км жанубда, Туркманистон чегарасига яқин жойда. Сигмоид кўринишидаги антиклиналдан иборат. Антиклиналнинг уз. 6—8 км, эни 1—2,5 км. Туз қатламлари ўрта қисмида ер юзасигача кўтарилган. Антиклиналнинг қанотларида эса туз 200— 2000 м гача қалинликдаги гилмоя, алевролит, қумтош ва оҳактошлар тагида, неоген ва юқори юра даври ётқизиқлари орасида учрайди. 1950 — 60 й. ларда геологлар юқори юра даври ётқизиқларидаги ош тузи қатламлари орасида 600—1000 м чуқурликда қ. х. учун зарур минерал ўғит ҳисобланган калий тузининг 3—5 м ли қатламлари борлигини аникладилар. Туз қатламларидаги калий хлориднинг миқдори 32 — 35%ни ташкил этади. Кондаги ош тузининг захираси бир неча млрд. т, калий тузиники — 200 млн. т дан зиёдлиги маълум. Туз қатламининг қалинлиги 400—450 м. Баъзи жойларида ер ости сувлари таъсирида туз ювилиб ғорлар пайдо бўлган. Лалмикон туз кони карвон йўли ёқасида жойлашганлиги учун 10—13-а. ларда у ердан қазиб олинган тузни савдогарлар Афғонистон, Ҳиндистон ва б. Яқин Шарқ мамлакатларига, Бухоро, Хоразм ва Фарғона водийси шаҳарларига олиб бориб сотганлар. Бу туз «самарқанд тузи», «қарши тузи» номи билан машхур бўлган.