ЛАЛЛЕМАНЦИЯ

ЛАЛЛЕМАНЦИЯ, ляллеманция (Lallemantia) — лабгулдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўтсимон ўсимликлар туркуми, мойли экин. Осиёда 6 (Ҳиндистон ва Покистонда

5) тури маълум. Деҳқончиликда Лаллеманциянинг иберий (L.iberica) тури, асосан, Эрон, Қрим, Шим. Кавказ, Арманистонда экилади. Лаллеманция иссикликка ва намгарчиликка талабчан эмас, қурғоқчиликка чидамли. Пояси тик, сершох, бўйи 20—90 см. Барги чўзиқ, қарама-қарши. Гули икки жинсли, ранги оқ, пушти ёки оч бинафша, тўпгули рўваксимон. Меваси кўсакча. Уруғи майда, 1000 донаси 4—6 г, таркибида 35 — 38% тез қурийдиган, асосан, лок-бўёқ саноатида ва озиқ-овқатга ишлатиладиган мой бор. Кунжараси молларга берилади. Лаллеманция баҳорда кенг қаторлар (қатор ораси 45 см) экилади. Ўсувдаври 70—90 кун. Ҳосилдорлиги уруғ бўйича 8—10 ц/га.