ЛАКСНЕСС

ЛАКСНЕСС (Laxness; тахаллуси, асл номи — Гудьонссон) Хальдоур Кильян (1902.23.4, Рейкьявик) — исланд ёзувчиси. Илк романтик асари — «Табиат болалари» (1919). «Салка Валка» (1—2-жилд, 1931—32) романи Исландиядаги ишчилар ҳаётига бағишланган. «Мустақил одамлар» (1 —2-жилд, 1934—35) — исланд деҳқонлари ҳаёти ҳақида. 4 китобдан иборат «Ёруғ дунё» (1937—40) асарида душманлик кайфи-ятидаги кишилар орасида қолган қашшоқ халқ шоирининг такдири тасвирланган. «Исландия қўнғироқлари» (1943—46) тарихий трилогиясида, исланд эпосига пародия — «Қаҳрамонлар ҳақида қисса» (1952) ва «Атом станцияси» (1948) сатирик романида исланд халқининг мустақиллик учун кураш йўли ҳақида ҳикоя қилади. «Брехкукот қишлоғининг йилномаси» (1957), «Қайтарилган жаннат» (1960), «Худонинг совғаси» (1972) романлари, «Туғилган уй олдидаги ўтлоқда» (1975), «Ёш эдим мен» (1976), «Етти донишманд хақида ҳикоят» (1978) биографик трилогия, драмалар, эсселар, ҳикоялар тўпламлари муаллифи. Лакснесс «Уйдан кетиб қолдим» (1963) номли автобиографиясида коммунизмни танқид қилади. Нобель мукофоти лауреати (1955).