ЛАКШМИ БАИ

ЛАКШМИ БАИ (асл исми Маникарника) (1835, Банорас — 1858, Гувалиёр) — Жҳанси рожалиги малика (рани)си, Ҳиндистон миллий қаҳрамон аёли, Ҳиндистон халқ қўзғолони иштирокчиси. Эри Жҳанси рожаси Гангадҳар Рао вафот этгач, ҳокимиятни идора этган. 1854 й. да инглизлар рожаликни босиб олишган. 1857 й. июнда Жҳанси сипоҳийлари қўзғолон кўтариб инглизларга катта зарба беришган. Лакшми Баи рожаликни ўз қўлига олган, инглиз мустамлакачиларига ўзининг улар хизматида эканини, рожаликни қайтариб беражагини билдирган, аммо мустамлакачилар уни инглизлар ўлимида айблаганлар. Бундан газабланган Лакшми Баи қўзғолончиларнинг бир қисмига бош бўлиб, Жҳансини инглизлардан ҳимоя қилган. Тантиа Топи қўшинида суворийларга бош бўлиб, мустамлакачилар армияси устидан бир неча ғалабага эришган. Гувалиёр яқинидаги жангда ҳалок бўлган.