ЛАКШАДВИП

ЛАКШАДВИП — Ҳиндистоннинг иттифокдош ҳудуди. Майд. 32 км2. Аҳрлиси 60,6 минг киши (2001). Расмий тил — малаялам тили. Аҳалисининг асосий қисми ислом динига эътиқод қилади. Маъмурий маркази — Каварати ш.

Иттифоқдош ҳудуд Арабистон денгизида Ҳиндистоннинг жан.-ғарбий қирғоғи яқинида жойлашган 35 та маржон оролдан иборат бўлиб, уларнинг 11 тасида аҳоли яшайди. Бал. 3—4 м. Энг йирик ороллари — Лаккадив, Аминдив ва Миникой. Форс қўлтиғи билан Ҳиндистоннинг ғарбий қирғоклари орасидаги денгиз йўлида муҳим стратегик аҳамиятга эга. Иқлими субэкваториал, муссонли иқлим. Йилига 1700 мм атрофида ёғин тушади.

Лакшадвип 16-а. га қадар мустақил бўлган. 1787 й. да Типу султон давлатига қўшилган. Типу султонлиги барҳам топгач, Л. Ост-Индия компанияси қўлига ўтди. 1956 й. дан ороллар алоҳида ҳудуд деб тан олинди ва ўша пайтдан бошлаб Ҳиндистон иттифоқи ҳукумати томонидан бошқарила бошланди. 1973 й. да Лаккадив, Миникой ва Аминдив о. лари гуруҳи Лакшадвип о. лари деб аталди.

Лакшадвип иқтисодида қ. х. етакчи ўринда. Аҳолининг асосий қисми кокос пальмаси ўстириш ва балиқ овлаш билан шуғулланади. Саноат корхоналаридан қ. х. маҳсулотларини қайта ишловчи корхоналар, балиқ-консерва з-длари мавжуд. Электр энергияси оролларнинг ўзида ҳосил қилинади. Йўловчилар ва юкларни ташиш, асосан, денгиз ва ҳаво транспортида амалга оширилади. Четга кокос пальмаси толаси ва мойи, копра чикарилади. Четдан шоли ва б. истеъмол моллари келтирилади.