ЛАГЕРКВИСТ

ЛАГЕРКВИСТ (Lagerkvist) Пер Фабиан (1891.23.5, Векшё – 1974.11.7, Стокгольм) — швед езувчиси ва драматурги. Швеция акад. (1940). «Темир ва одам» (1915) новеллалари, «Қўрқув» (1916) шеърий тўпламлари ва «Кайфият» (1919) асарида символизм таъсири сезилади. Лагерквист ижодда янгиликка интилиб, назм ва насрда шаклий кашфиётлар яратиш йўлидан борган. Унинг «Охирги инсон» (1917), «Мангу табассум» (1920), «Кўринмас одам» (1923) драмаларида 1-жаҳон урушининг даҳшатлари, инсон бошига тушган фожеалар акс эттирилган. «Ёвуз сагалар» (1924) сатирик тўплам ва «Бу дунё меҳмони» (1925) автобиографик қиссасида турмуш ҳақиқати ёрқин ифодаланган . «Жаллод» (1933), «Пакана одам» (1944) қиссалари, «Руҳ» (1937), «Қўшиқ ва жанг» (1940) шеърий тўпламлари ёвузлик ва ёмонликка қарши кураш руҳида. «Варавва» (1950) романида қаҳри қаттиқ қароқчининг тарихи мисолида одам Худони таниши ва иймонга келиши ҳақида сўз юритилган. Лагерквист Инжил мавзулари асосида яратилган «Сивилла» (1956), «Агасфернинг ўлими» (1960), «Муқаддас ер» (1964), «Мариамна» (1967) ва б. қиссалар муаллифи. Нобель мукофоти лауреати (1951).