ЛАБОРАТОРИЯ ҲАЙВОНЛАРИ

ЛАБОРАТОРИЯ ҲАЙВОНЛАРИ — биол., тиббиёт, ветеринария ва қ. х. да илмий мақсадларда фойдаланиладиган ҳайвонлар. Л. ҳ. экспериментдан кўзда тутилган мақсадларга мувофиқ танлаб олинади. Бунда тадқиқотнинг ишончли бўлишини таъминлаш билан бирга олинадиган ҳайвоннинг биологик хусусиятлари, уни кўпайтириш ва боқиш имкониятлари ҳамда этик аспектлар ҳам ҳисобга олинади. Лаборатория ҳайвонлари сифатида содда бир ҳужайралилардан тортиб сут эмизувчиларгача бўлган барча ҳайвонлардан фойдаланиш мумкин. Бақалар, сичқонлар (барча Лаборатория ҳайвонларининг 70%), каламушлар, денгиз чўчқачалари, итлар, мушуклар, қуёнлар, маймунлар; умуртқасизлардан — кўпчилик ҳашаротлар (мас, дрозофилалар), чувалчанглар, каналар анъанавий Лаборатория ҳайвонлари ҳисобланади. Баъзан қушлар, тошбақалар, баликлар ва б. ҳайвонлар б-н хам эксперимент ўтказилади. Тажрибаларда Лаборатория ҳайвонларининг махсус етиштириб чиқарилган инбред ва соф линияларидан ва микробсиз ҳайвонлар (гнотобиотлар) дан кенг фойдаланилади. Лаборатория ҳайвонлари виварийларда боқилади.