ФУЦЗЯНЬ

ФУЦЗЯНЬ — Хитойнинг жан. шарқий қисмидаги провинция. Тайвань бўғози соҳили ва Миньцзян дарёси ҳавзасида. Майд. 123 минг км2. Аҳолиси 32,9 млн. киши (1998). Маъмурий маркази — Фучжоу ш. Ҳудудининг аксари қисми тоғлик. Денгиз соҳили камбар пасттекислик. Иклими тропик муссонли, сернам иқлим. Хўжалигида деҳқончилик етакчи тармоқ. Асосий экини шоли, шунингдек, батат, шакарқамиш, ер ёнғоқ, тамаки ҳам экилади. Тропик мевачилик ва чой ўстириш ривожланган. Чорвачиликда, асосан, чўчқа боқилади. Балиқ овланади. Ёғоч, камфара дарахтининг пўстлоғи, лок дарахти меваси, бамбук ярим маҳсулотлари тайёрланади. Фойдали қазилмалардан темир ва марганец рудалари, тошкўмир конлари бор. Озиқовқат, ёғочсозлик, тўқимачилик, қоғоз, қора ва рангли металлургия, кемасозлик, машинасозлик саноати корхоналари мавжуд. Ҳунармадчиликда чинни идишлар, бамбукдан ишланган буюмлар тайёрланади. Йирик саноат марказлари: Фучжоу, Сяминь, Наньпин ва б. Муҳим денгиз порти — Сяминь.