ФАГОЦИТЛАР

ФАГОЦИТЛАР (юн. phagos — ютувчи ва…цит) — одам ва ҳайвонлар бириктирувчи тўқималаридаги ҳимояга ихтисослашган, фагоцитоз хусусиятига эга бўлган ҳужайралар. Фагоцитоз ҳодисасини рус фагот, олими И. И. Мечников кашф этган (1882). Умуртқасиз ҳайвонларда Фагоцитлар вазифасини амёбоцитлар (гемолимфа таркибидаги ҳаракатчан ҳужайралар) бажаради. Умуртқалиларда қоннинг шаклли элементларидан бири — нейтрофиллар (микрофаглар), ретикулоэндотелиал система ҳужайралари ва фаол макрофагларга айлана оладиган микроглийлар Фагоцитлар ҳисобланади. Нейтрофиллар майда зарралар (бактериялар ва б.) ни, макрофаглар ўлган ҳужайралар ёки уларнинг қисмларини қамраб олиш, манфий зарядланган бўёқ ва коллоид моддаларни тўплаш хусусиятига эга. Плазматик мембрана билан ўраб олинган заррачалар цитоплазмага ўтгандан сўнг фагосомаларга айланади. Бирламчи лизосомалар фагосома билан қўшилиб, гидролизловчи ферментлар ютилган заррачаларни парчалайди. Фагоцитлар организмнинг носпецифик ҳимоя воситалари сифатида катта аҳамиятга эга.