ФРЕЗА

ФРЕЗА (франц. fraise) — металл ва металлмас материаллардан тайёрланган заготовкаларнинг юзаларига ишлов бериш, уларда тиш, резьба ўйиш ва б. учун мўлжалланган кўп тиғли кесувчи асбоб. Тишлар ўйилган сиртининг шаклига қараб, цилиндрик, дискли, бурчакли, торец, шаклдор; тишининг шаклига қараб, тўғри, винтли, кўп томонлама тишли; тишларининг тузилишига қараб, ўткир, қаторли; яхлит, таркибий, комплект, йиғма; маҳкамланишига қараб, ўтқазиладиган, конуссимон ва цилиндрик думли; винт арикчаларининг йўналиттга бўйича чап ва ўнг ариқчали хилларга бўлинади. Фреза легирланган пўлат, тез кесар пўлат, асбобсозлик пўлатидан тайёрланади.

Фреза билан фрезалашда фреза айланма, ишлов бериладиган заготовка илгарилама ҳаракат килади. Фрезалашнинг хомаки ва тозалаб фрезалаш усуллари бор. Хомаки фрезалашда Фрезанинг айланиши суриш йўналишига тескари, тозалаб фрезалашда бир хилда бўлади. Фрезалаш ишлари фрезалаш станогида бажарилади.