ФОТОАППАРАТ

ФОТОАППАРАТ, фотокамера, суратга олиш аппарати — суратга олинадиган объектлар оптик тасвирини фотоматериалларнинг ёруглик сезгир қатламига туширувчи оптикмеханик қурилма. Фотосуратга олишда объектнинг оптик тасвири оптик тизимлар ёрдамида фотоматериалнинг ёруғлик сезгир қатламига маълум вақт оралиғида проекцияланади. Натижада ёруглик сезгир қатламда суратга олинган объектнинг яширин тасвири ҳосил бўлади; фотоматериалга кимёвийфотографик ишлов берилгандан сўнг суратга олинган объектнинг кўринадиган негатив ёки позитив тасвирига айланади. Фотоаппаратнинг ҳаваскорлик, профессионал ва махсус хиллари бор. Ҳаваскорлик ва профессионал Фотоаппарат лардан кишиларни, пейзаж, спорт мусобакаларини суратга олишда, портретлар ясаш ва б. да фойдаланилади. Махсус Фотоаппарат ларда фототехника ишлари, аэрофотосъёмка, микросъёмка ва б. бажарилади. Фотоаппарат фотоматериалда ҳосил бўладиган тасвирлар ўлчами (кадрлар формати)га қараб митти (13×17 мм), ярим форматли (18×24 мм), кичик форматли (28×28 ва 24×36 мм), ўртача форматли (45×60 дан 60×90 мм гача) ва йирик форматли (90×120 мм ва ундан катта) хилларга бўлинади.

Замонавий Фотоаппарат ларнинг асосий узеллари: ёруглик ўтказмайдиган камера (унинг корпуси бикр, икки томонлама очиладиган, телескопик ёки буклама кўринишда бўлади), объект тасвирини фотоматериал (фотоплёнка ёки фотопластинка)га тушириб берадиган объектив, фотоплёнка ёки фотопластинканинг ёруғлик сезгир қатламига ёруғлик нурини ўтказишни таъминлайдиган затвор, равшанликка тўғрилаш механизми, видоискатель (кўриниш қидиргич), фотоплёнкани қайта ўраш механизми, фотоплёнка кассетаси, затвор ва чақмоқлампа ишини синхронловчи синхроконтакт, экспозиция вақтини ярим автоматик аниклайдиган фотоэкспонометр, затворни ишга туширадиган автоматик тепки.

Мил. ав. 350 й. да юнон олими Аристотель кичик тешик (мас, дарча) дан қоронғи хонага тушаётган ёруғлик нурларидан хонанинг қарамақарши деворида ташкаридаги, дарча олдидаги нарсаларнинг ёруғлик тасвири ҳосил бўлиши мумкин, деган эди. 18 аср ўтгандан кейин Леонардо да Винчи бу ҳодисадан турли нарсаларнинг тасвирини қоғозга чизишда фойдаланган. 1611 й. да немис астрономи И. Кеплер икки линзадан иборат телескопик тизимни ясади. 1840 й. да австриялик олим И. Пецвал бир неча линзадан иборат оптик тизимни (объективни) ҳисоблаб чикди ва уни немис оптиги П. Ф. Фоихтлендер ясади. 19-а. 30-й. ларида франциялик Жиро кассетаси катта бўлган ёғоч фотокамерани кўплаб ишлаб чиқарди. 1842 й. да Германияда металл корпусли Фотоаппарат ишлаб чикарила бошланди. 1888 й. да америкалик ихтирочи Ж. Истмен дунёда биринчи марта роликка ўралган фотоплёнка ўрнатилган Фотоаппарат яратди. 1924 й. да «Лейц» фирмаси кичик форматли «Лейка» Ф. ни, 1970-й. ларда экспозицион параметрлари ярим автоматик ва автоматик ўрнатиладиган, объективи автоматик фокус ланадиган, фотозатвори электрон бошқариладиган, плёнкани тортиш механизми электр юритмали Фотоаппаратлар яратилди. Ҳозир фототасвирларни бир зумда чиқариб берадиган, уяли телефон аппаратига «сингдирилган» Ф. лар мавжуд.

Чет элда Фотоаппарат ишлаб чиқаришга ихтисослашган 50 дан ортиқ концерн, фирма ва з-длар мавжуд, жумладан: «Истмен кодак», «Поляроид» (АҚШ), «АльфаГеверт» (ГерманияБелгия), «Ниппон когаку», «Кэнон», «Минолта камера», «Асахи оптикл», «Конисировку фото» (Япония), «Лейц», «Роллей», «Карл Браун», «Минокс», «Пентакон» (Германия), «Хассель блад» (Швеция), «Красногорск з-ди», «ЛОМО» бирлашмаси (Россия), «Арсенал з-ди» (Украина) ва б.

Ҳаваскорлик Фотоаппаратдан «Кэнон», «Никон» (Япония), «Пентакон» (Германия), «Кодак» (АҚШ), «Зенит», «ФЭД», «Зоркий» (Россия), «Киев» (Украина), «Хассельблад» (Швеция) кўплаб ишлатилади.

Қўлланиладиган фотоматериалга қараб, Фотоаппаратлар плёнкали ва пластинкали бўлади.

Баъзида Фотоаппаратдан кўз илғамас (фотоқатламда қайд қилинадиган) ультрабинафша ёки инфрақизил нурларни суратга туширишда фойдаланилади. Бундай ҳолларда кўзгули объектив ёки нурларга мое келувчи линза компонентлари, шаффоф материаллар: кварц, флюорит, литий фторидли (ультрабинафша нурлар учун); натрий хлорид, кремний, германийли (инфрақизил нурлар учун) объектив ишлатилади. Объект тасвирини бирор тор спектрал интервалда олиш ёки фотосъёмкада сурат бадиий яққол чиқиши учун объективда олиб қўйиладиган турли ёруглик фильтрлари қўлланилади. 20-а. охири ва 21-а. бошларидан рақамли Фотоаппарат қўлланила бошланди.