ФОРМАЦИЯ

ФОРМАЦИЯ (лот. formato — ҳосил бўлиш) (геологияда) — ҳосил бўлиш шароитларининг умумийлиги билан ўзаро боғлиқ бўлган тоғ жинсларининг табиий ва қонуниятли уйғунлиги; Ер пўсти асосий структуравий зоналари ривожланишининг муайян босқичларида вужудга келади. «Формация» терминини дастлаб 18-а. да немис геологи Г. Фюксель муайян таркибли ва стратиграфик ҳолатли чўкинди жинсларни ифодалаш учун ишлатган. Умумий тектоник режимнинг типига кўра платформа, оралиқ, геосинклиналь Ф. лар ва уларнинг гурухлари фарқ қилинади. Формация фациялар ва ётқизикларнинг генетик типлари мажмуидир. Унинг чегаралари вакт ўтиши б-н ўзгариб туради, турли типлари ҳар хил ёшдаги ётқизиқларда такрорланиб, хусусиятини бир оз ўзгартиради. Формация моддий таркиби, тектоник белгиларига кўра таснифланади. Унинг литологик, петрографик (магматик ва метаморфик), вулканоген, рудали ва б. турлари мавжуд. Магматик Формациялар маълум геологик шароитларда Ер пўстидаги бирон участка тараққиётининг айрим босқичларида ҳосил бўлган магматик тоғ жинслари тўпламидан иборат. Метаморфик Формация тектоник структураларга эга бўлган метаморфик тоғ жинсларининг пайдо бўлиш умумийлиги қонуниятларига асосан ажратилади. Метасоматик Формация кам ўрганилган. Руда Ф. си (хромит, полиметаллолтинкварц ва б.) магматик ва метасоматик Формация билан узвий боғлиқ. Бу соҳани ўрганиш алоҳида йўналишни касб этди. Иклим шароитларига кўра аридли, гумидли ва б; литологикпетрографик асосий белгиларига кўра — карбонатли, терригенли, галогенли, вулканогенли ва б. Ф. ва уларнинг гурухлари ажратилади. . Ф. нинг типлари билан фойдали қазилмаларнинг турлари боғлиқ. Шу сабабли, литология, палеогеография ва тектоникада ҳамда турли фойдали қазилмаларнинг жойлашиш қонуниятларини ўрганиш ва уларни қидиришнинг илмий асосларини ишлаб чиқишда формацион анализнинг аҳамияти катта.