ФОРД

ФОРД (Ford) Генри (1863.30.7, АҚШ, Мичиган штати Дирборн яқинида — 1947.7.4, Дирборн) — америкалик саноатчи, АҚШ автомобилсозлик саноати асосчиларидан бири. 1879 й. дан Дейтройтда механик шогирди. 1893 й. дан «Эдисон ильюминейтинг компани», 1899—1902 й. ларда «Дейтройт автомобил компани» бош муҳандиси. 1892— 93 й. ларда ўзининг биринчи 4 тактли ички ёнув двигателига эга бўлган (4 о. к.) автомобилини яратди. 1903 й. да «Форд Мотор» компаниясига асос солди. Кейинчалик бу компания жаҳондаги энг йирик автомобиль компаниялардан бирига айланди. Ўз з-дларида стандартлаштириш ва конвейерпоток усулини кенг қўллади, меҳнатни интенсивлаш орқали юқори меҳнат унумдорлигини таъминлашга эришди. Кейинчалик меҳнатни ташкил этишнинг Форд қўллаган тизими ва унинг қарашлари тарихга фордизм номи билан кирди. Меҳнатни ва и. ч. ни ташкил этиш тўғрисидаги ўз қарашлари ва тажрибаларини «Менинг ҳаётим ва ишим» (1922); «Бугун ва эрта» (1926); «Олға ҳаракат» (1930) китобларида баён этган. Асарлари 20-й. ларда рус тилига таржима қилинган. Ад.: Лавров Н. С, Генри Форд и его производство, Л., 1926.