ФОЛЬКЛОРШУНОСЛИК — халқ ижоди ҳақидаги фан. Ф. турли даврларда ва турли мамлакатларда этнография, адабиётшунослик, мусиқашунослик, антропология ва социологиянинг бир қисми сифатида қаралиб келган. Кейинчалик халқ санъатини (халқ оғзаки ижоди, мусиқа фольклори, рақси, театри, цирки каби) ўрганувчи мустақил ва махсус фан сифатида ривожланади. Филология ва санъатшунослик фанлари билан узвий боғлиқдир. Фольклоршуносликнинг асослари қад. дунё эстетик тафаккурига бориб тақалади. Кад. дунё сайёҳлари ва тарихчиларининг афсона ва ривоятлар, турли урфодат ва маросимлар ҳақидаги қайдлари, ёзувчи ва бастакорларнинг фольклор тўғрисидаги дастлабки фикрлари Фольклоршунослик учун муҳимдир. Туркий халкларда фольклор материалларини ёзиб олиш бўйича дастлабки тажрибалар 11 а. дан бошлаб кўзга ташланади (Махмуд Кошғарийнит «Девону луғотит турк» асаридаги фольклор материаллари). Шу б-н бирга, ёзувчи ва шоирлар томонидан эртаклар, мифлар, афсона ва ривоятларни қайта ишлаш жараёни ҳам бошланди. 18-а. ва 19-а. бошларида фольклорга нисбатан илмий қизиқишнинг кучайиши, халқ оғзаки ижоди материалларини тўплаш ва нашр этиш жадал ривожланиши билан боғлиқ ҳолда уни чинакамига ўрганиш бошланди. Натижада Европа ва Россия фольклоршунослигида турли йўналишлар, мактаблар юзага келди. Шундай мактаблардан бири мифологик мактаб бўлиб, фольклор жанрларининг юзага келишини қад. мифларга боғлайди. Маърифатпарварлар эса, фольклорнинг демократик ва синкретик характерини, ундаги умуминсоний ва миллий хусусиятлар бирлигини ўрганишга алоқида эътибор бердилар.
19-а. ўрталаридан бошлаб фольклорни илмий принциплар асосида тўплаш ва нашр этишнинг янада кучайиши Фольклоршуносликда янги йўналиш — «сайёр сюжетлар» назариясини юзага келтирди. Бу назария тарафдорлари ўхшаш сюжет, мотив ва образлардаги мураккаб жараёнларни ҳисобга олмай, уларни бир халқдан иккинчи халқнинг шунчаки ўзлаштириши, деб талқин қилдилар. Антропологик мактаб тарафдорлари эса, халқ ижодидаги ўхшаш ҳодисаларни турли миллат ва иркларнинг умумийлиги билан изоҳламоқчи бўлдилар. Ижтимоий ҳодисаларни бундай биологик қонунлар асосида тушунтиришга уриниш ҳоз. замон Ф. да турлитуман оқимларни (фрейдизм, неомифологизм ваб.) юзага келтирди. Фольклорни халқ тарихи билан боғлиқ ҳолда ўрганишда тарихий мактаб вакиллари катта ишлар қилдилар. Фольклор асарлари сюжетларининг тарихийгеографик таркалиш ареалини белгилаш, уларни таснифлаш, системага солиш ва каталоглаштиришда фин мактаби вакиллари ҳам бирмунча ютукларга эришдилар.
Ҳоз. пайтда дунёнинг деярли барча мамлакатларидаги тегишли интларда фольклор секторлари мавжуд. Шунингдек, турли мамлакатларда халқаро ёки муайян минтақа бўйича ҳар хил жамиятлар ҳам бор. Мас, ЮНЕСКО қузуридаги Этнология ва фольклор халкаро жамияти, Халқ мусиқаси халқаро кенгаши, Фольклор ўртоклик жамияти кабилар шундай илмий ташкилотлардир.
Ўзбек фольклори намуналарини тўплаш ва нашр этиш ишлари 19-а. нинг 2ярмидан бошлаб аҳёнаҳёнда кўзга ташланиб турсада (Ҳ. Вамбери, Н. П. Остроумов тўпламлари, «Ҳикояти Гўрўғли султон», «Юсуф билан Ахмад» каби нашрлар), уни чинакамига тўплаш ва нашр этиш ишлари 1919 й. дан йўлга қўйила бошланди. Янгича йўналишда шакллана бошлаган ўзбек Фольклоршуносликнинг дастлабки босқичи (1918—25й. лар) ўша давр шарқшунослиги ва ўлкашунослиги эришган ютуқларни изчиллик билан ўзлаштиришга интилиш, фольклор материалларини жадал жамлаш, халқ ҳаёти ва маиший турмушининг барча томонларига кириб боришга уриниш билан ажралиб туради. Бунда Ғози Олим, Ғулом Зафарий ва Элбекларнинг фаолиятлари муҳим аҳамиятга эга бўлди. 20-й. ларнинг 2ярмидан бошлаб яна хам жиддий ютуклар қўлга киритилди. Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Пўлкан шоир каби атоқли достончилар аникланди. Улар ижросида биринчи марта эпик асарлар тўла ёзиб олина бошлади, халқ санъаткорларига ижодкор сифатида қараб, оригинал кузатишлар олиб борилди. Бу ишда ўзбек фольклоршунослиги ўзининг мустаҳкам илмий йўналишига эга бўлди, унинг асоси яратилди.
30-й. ларда Фольклоршуносликга Б. Каримов, Ш. Ражабов, М. Афзалов, М. Алавия, З. Ҳусаинова каби фольклоршунослар келиб қўшилдилар. Фольклорни тўплаш ва ўрганишга, бир қанча эпик асарлар ҳамда халқ ижоди намуналарини нашр этишга алоҳида эътибор берилди, фольклор бўйича хрестоматия ва ўқув қўлланмалари тузилди. Бу даврда халқ театри, рақси ва томоша санъати (цирки)ни ўрганиш бошланди. Ғ. Зафарий, А. Қодирий, М. Гаврилов, А. Боровков, А. Троицкая ва б. бу сохада самарали ижод қилдилар. Мусиқа халқ санъатини ўрганишда эса В. Успенский, Е. Романовская, Н. Миронов, Илёс Акбаров, Юнус Ражабий ва б. нинг ҳиссалари катта (қ. Мусиқа, Мусиқашуноашк).
2-жаҳон уруши йилларида жангчиларни ватанпарварлик ва қахрамонлик руҳида тарбиялашга хизмат қилувчи фольклор асарларига катта аҳамият берилганлиги бу давр Фольклоршуносликнинг муҳим хусусиятидир. В. М. Жирмунский ва Ҳ. Зарифовларнинг «Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси» китоби яратилди ва Москвада нашр этилди (1947, муфассал баёни 1958 й. да Германияда немис тилида ҳам босилиб чикди).
60-й. ларнинг охирларидан бошлаб, хусусан, мустақиллик йилларида фольклористик ишларнинг миқёслари янада кенгайди, экспедициялар уюштириш доимий равишда йўлга қўйилди, нисбатан йирик, миқёсан кенг, фундаментал ишларни яратишга интилиш кучайди. Фольклорнинг турли жанрларига бағишланган монографияларнинг яратилиши, «Ўзбек фольклори очерклари», «Ўзбек халқ ижоди бўйича тадқиқотлар» номида туркум тўпламларнинг юзага келиши, «Узбек халқ ижоди», «Булбул тароналари», «Алпомиш» достонининг академик нашри каби улкан нашрларнинг амалга оширилиши бунга ёрқин мисолдир. Бу ишларни амалга оширишда Ҳ. Раззоқов, Т. Ғозибоев, О. Собиров, Ж. Қобулниёзов, М. Саидов, М. Муродов, А. Қаҳҳоров, Х. Эгамов, Т. Мирзаев, К. Имомов, Ғ. Жалолов, Б. Саримсоқов, О. Сафаров, С. Рўзимбоев, М. Жўраев, А. Мусақулов каби фольклоршуносларнинг ҳиссаси ниҳоятда катта бўлди. Санъатшунос олимлар Ф. Кароматов, М. Қодиров, Р. Абдуллаевлар Ўзбекистонда мусиқа ва театр Ф. нинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшмокдалар.
Ад..Азадовский М. К., История русской фольклористики, т. 1—2, М., 1958— 1963; Музыкальная фольклористика в Узбекистане, Т., 1963; Земля нова Л. М., Современная американская фольклористика, М., 1975; Ҳоди 3ариф, Ўзбек фольклористикаси тарихидан //Ўзбек фольклори масалалари, Т., 1970; Мирзаев Т., Ҳоди Зариф, Т., 1967; Қодирова М., Музайяна Алавия, Т., 1968.
Тўра Мирзаев.