ФЛЕКТИВ ТИЛЛАР

ФЛЕКТИВ ТИЛЛАР — грамматик, баъзан лексик маънолар флексия йўли б-н ифодаланадиган тиллар; лингвистик типология, тилларнинг морфологик таснифидаги асосий тушунчалардан бири. Флектив тиллар тушунчаси 1809 й. да немис олими Ф. Шлегель томонидан фанга киритилган. У сом тиллари, грузин тили ва баъзи ҳиндевропа тилларини Флектив тиллар қаторига киритади. Флектив тиллар 2 та, одатда, ўзаро кесишувчи ички ва ташқи флексияли гурухларга бўлинади.

Ташқи флексия (фузия — асос билан аффиксни ажратиш, фарклаш қийин бўлган ҳолат), аффикслардан фарқли равишда, кўп маънолилик [мас, «рукой» шаклидаги «ой» морфемаси бир пайтнинг ўзида жинс (женский), сон (бирлик) ва келишик (творительный) маъноларини ифодалайди], шунингдек, асос билан маҳкам боғланганлик хусусиятлари билан ажралиб туради. Ички флексияда морфема таркибидаги унлиларнинг шартланмаган урин алмашинуви грамматик маънога эга бўлади: немис тилида geht — бормоқда, ging — борди, der Gang — бориш; араб тилида qatala — (у) ўлдирди, qutila — ўлдирилган, qattol — ўлдирувчи ва ш. к. Ички флексия механизми, айниқса, феъл морфологиясида, сом тилларининг феъл туркумида яққол намоён бўлади. Флексия тилда аксар ҳолларда маъно ифодалашнинг бошқа воситалари билан бириккан ҳолда бўлади.