ФЛАМИНГОЛАР

ФЛАМИНГОЛАР, қизил қанотлилар (Phoenicopteriformes) — қушлар туркуми. Гавдасининг уз. 91 — 120 см. Тумшуғи пастга эгилган; тили ва тумшуғи четларидаги мугуз тишчалари ёрдамида балчиқдан ва лойқаланган сувдан майда қисқичбақасимонлар, чувалчанглар, ўсимликлар уруғи ва б. озиқ моддаларни сиздириб олади. 1 оиласи 6 тури бор. Австралиядан бошка барча тропик ва субтропик ҳудудларда тарқалган. Ўзбекистон ҳудудида битта тури — оддий фламинго, яъни қизилқанот Амударё водийси,Орол денгизи, Зарафшон, Фарғона водийси сув ҳавзаларида қушлар учиб утиши даврида учрайди. Каспий денгизи жан. да қишлайди. 50 тадан 25 мингтагача қушлардан иборат колония ҳосил қилади. Қумдан ва лойдан конуссимон уя қуриб, 1—2 та тухум кўяди. Тухумларни нари ва модаси навбатлашиб 30 кунга яқин босади. Илгари овланган. Сони камайиб бораётганлиги туфайли овлаш тақиқланган. Ўзбекистон Республикаси ва б. мамлакатлар Қизил китобига киритилган.