ФИВА

ФИВА (юн. Thebai, мисрча Уасет) — Қад. Мисрнинг энг йирик шаҳарларидан ва бадиий марказларидан бири. Фива мил. ав. 3минг йиллик ўрталаридан маълум. Мисрнинг барча ҳудудларини бирлаштирган 11 сулола фиръавнлари даврида (мил. ав. 22-а. ўртаси — 20-а.) Ф. пойтахт бўлган ва Ўрта ва Янги подшоликлар даврида гарчи фиръавнлар бошқа шаҳарларни ўзларига қароргоҳ тутган бўлсаларда пойтахтлигича қолган. Мил. ав. тахм. 730 й. Куш подшоси Пианха Фивани босиб олган. Оссурия подшоси Ашшурбанипал мил. ав. 663 й. Ф. ни вайрон қилган ва мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий маркази Шим. га кўчирилган; Ф. ўз ролини йўқотган ва мил. ав. 88й. гача, яъни Птолемей IX Сотер томонидан вайрон килинмагунча диний марказ сифатида роль ўйнаган. Фивада археологик қазиш ишлари 19-а. нинг 1ярмидан турли мамлакатлар олимлари томонидан олиб борилади. Фива худудида йирик ибодатхоналар мажмуи, некрополлар, фиръавнлар мақбаралари, фиръавннинг 2 та улкан ҳайкали ва б. сақланиб калган.