ФИРОҚИЯ

ФИРОҚИЯ (араб. — жудолик, айрилиқ) — Шарқ мумтоз адабиётида лирик шеър тури. Шоирнинг айрилиқ, ҳижрон кайфиятларини ифодалайди. 2 хил бўлади: а) ёридан, яқин кимсасидан ажралиш натижасидаги руҳий азобни, жудоликни ифодаловчи асарлар. Буларда лирик қаҳрамоннинг муайян муҳит ёки бошқа сабабларга кўра ўз яқинидан жудо бўлганлиги алам билан куйланади: Айрилиб мен ёрдин бир неча кун бўлдим жудо, Ахтариб келдим сени, ғунча даҳоним, қайдасан? (Машраб); б) қадимда шоир уз ватанидан жудо бўлганида, ундан чиқиб кетишга мажбур қилинганида, бошқа мамлакатларда яшаб, элюртини соғиниб ёзган асарлари: «Адашганман», «Айрилиб қолдим» (Фурқат).

Ёд этмас эмиш кишини ғурбатда киши, Шод этмас эмиш кунгулни меҳнатда киши. Кўнглум бу ғарибликда шод ўлмади, оҳ, Ғурбатда севунмас эрмиш, албатта киши.

(Бобур).

Алишер Навоий, Машраб ва б. ижодида ҳам Фироқиянинг етук намуналари бор.