ФИЖИ

ФИЖИ (Fiji), Фижи Суверен Демократик Республикаси (Sovereign Democratic Republic of Fiji) — Океанияда, Тинч океаннинг жан. ғарбий қисмида, Фижи о. ларида жойлашган давлат. Майд. 18,4 минг км2. Аҳолиси 856,3 минг киши (2002). Пойтахти — Сува ш. Маъмурий жиҳатдан 4 округга бўлинади.

Давлат тузуми. Фижи — Буюк Британия Ҳамдўстлиги таркибидаги республика. Амалдаги конституцияси 1970 и. қабул қилинган, 1997 й. да унга ўзгартишлар киритилган. Давлат бошлиғи — президент, у қабила бошликларининг Катта кенгаши томонидан маҳаллий фижийлар орасидан 5 й. муддатга тайинланади. Президент бош вазирни ва қуролли кучлар қўмондонини тайинлайди. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни 2 палатали парламент — сенат ва вакиллар палатаси, ижрочи ҳокимиятни Вазирлар маҳкамаси амалга оширади.

Табиати. Фижи архипелаги Меланезиянмнт шарқий қисмидаги 300 дан ортиқ оролдан иборат. Уларнинг йириклари — ВитиЛеву, ВануаЛеву. Оролларнинг эгрибугри қирғоқлари маржон рифлари билан ўралган, замини гранит, гнейс ва б. қадимий кристалл жинслардан тузилган. Йирик ороллар рельефи бал. 1000 м дан юқори тоғ тизмалари б-н ажралган платолардан иборат. Энг баланд жойи 1322 м (ВитиЛеву о. да). Соҳил бўйлаб энсиз текислик жойлашган. Фойдали қазилмалари: нефть, мис, олтин, марганец. Йирик дарёлари: Рева (100 км гача кема қатнайди), Сингатока, Мба (ВитиЛеву о. да). Иклими тропик, океан иқлими, сернам, ўртача т-ра 25—28°. Йиллик ўртача ёғин 1700—3500 мм. Вулкан жинсларининг нурашидан ҳосил бўлган қизғиш тупроғи унумдор. Тоғларнинг шамолга рўпара жан. шарқий ён бағирларида қимматбаҳо ёғоч олинадиган тропик ўрмон ва саванналар бор. Ҳайвонот дунёсида йиртқич ҳайвон ва заҳарли илонлар йўқ. Оролларга дунёнинг бошқа жойларидан жониворлар келтирилган. Мушук, эчки ва қуёнлар учрайди.

Аҳолисининг аксарияти — фижийлар ва фижилик ҳиндлар; океанияликлар, инглизлар, хитойлар ҳам яшайди. Расмий тил — инглиз тили. Шаҳар аҳолиси 46%. Диндорлари — христиан, ҳиндуий ва мусулмонлар. Йирик шаҳарлари: Сува, Лаутока, Ламбаса.

Тарихи. Фижи о. ларида дастлабки манзилгоҳлар мил. ав. 2минг йиллик ўрталарида пайдо бўлган. Оролларга европаликлардан биринчи бўлиб голландиялик А. Тасман 1643 й. ва инглиз Ж. Кук 1774 й. борганлар. 1874 й. дан Буюк Британия Ф. ни мустамлакага айлантирди. 1879й. дан мустамлакачилар шакарқамиш плантацияларида ишлатиш учун Ҳиндистондан ишчилар олиб кела бошлади. 1959 й. Ф. да миллий озодлик ҳаракати бошланди. 1970 й. 10 окт. да Буюк Британия мамлакатга мустақиллик беришга мажбур бўлди, аммо Буюк Британия томонидан тайинланадиган генералгубернатор ҳокимияти сакланиб қолди. 1987 й. 25 сент. да Ситивени Рабука бошчилигида ҳарбий тўнтариш содир бўлди, 6 октда генералгубернатор лавозими тугатидди ва Фижи республика деб эълон қилинди. Фижи — 1970 й. дан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 10 окт. — Мустақиллик куни (1970).

Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. Ф. лейбористлар партияси, 1985 й. тузилган; Миллий федератив партия, 1960 й. асос солинган; Ф. консерватив партияси, 1989 й. ташкил этилган; Ф. сиёсий партияси — Сонгосонго ни Вакавулева ни Таукеи — СВТ, 1990 й. асос солинган. Фижи касаба уюшмалари конгресси, 1951 й. тузилган.

Хўжалиги. Фижи — аграр мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қ. х. нинг улуши 22%, саноатнинг улуши 12%. Иқтисодиётнинг етакчи тармоғи — тропик деҳқончилик. Мамлакат ҳудудининг 11% дан кўпроғи қ. х. экинлари билан банд. Жамоа ер эгалиги устун. Бу ерларда ҳинд фермерлари экспорт учун шакарқамиш етиштиради. Маҳаллий ахолией ўз хўжаликларида кокос пальмаси, ямс, таро, батат, банан, ананас, цитрус мевалар, какао, тамаки, шунингдек, шоли, маккажўхори етиштиради. Чорвачилигида қорамол, чўчқа, йилқи, эчки, хонаки парранда боқилади. Балиқ овлаш ривожланган. Ёғоч тайёрланади. Оз миқдорда марганец рудаси, боксит, олтин, кумуш қазиб олинади. И. ч. саноати қанд, ёғ, шоли оқлаш, тамаки, мева консервалаш, копрани қайта ишлаш, тахта тилиш, ёғочсозлик, кийимкечак, пойабзал, кенг истеъмол моллари корхоналаридан иборат. Сайёхларнинг келибкетишидан яхшигина даромад олинади. Т. й. узунлиги 595 км, автомобиль йўллари уз. 5100 км. Асосий денгиз портлари — Сува, Лаутока. ВитиЛеву о. нинг ғарбий соҳилида Нанди халқаро аэропорти бор. Фижи четга шакар хом ашёси, кокос мойи, копра, олтин, ёғоч, балиқ, кийимкечак ва б. чиқаради, четдан машина ва ускуналар, ёқилғи, кенг истеъмол моллари олади. Австралия, Янги Зеландия, Буюк Британия билан савдо қилади. Пул бирлиги — фижи доллари.

Маорифи. Мамлакатда 800 дан ортиқ мактаб бор, улар 50 дан зиёд оролда жойлашган. Мактабларда таълим инглиз, фижий ва ҳинд тилларида олиб борилади. Фижида 8 й. лик таълим мажбурий. Бошланғич мактабга болалар 6—7 ёшдан қабул қилинади. Ўрта мактабда ўқиш муддати 4 й., аммо ун-тга кириш учун қўшимча 2 й. лик таълим курсида ўқиб чиқиш керак. Давлат мактабларидан ташқари хусусий мактаблар ҳам бор. 1968 й. Сувада Тинч океан жан. қисми мамлакатларининг регионал ун-ти ташкил этилди; халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, тиббиёт билим юрти бор. Самабуладаги Техника ин-ти (1964), Наусоридаги қ. х. коллежи (1954), Сувадаги Марказий тиббиёт билим юрти (1886)да тўлиқсиз олий маълумот олинади. Сувада ун-т кутубхонаси, шаҳар кутубхонаси, Самабулада Техника интининг кутубхонаси, Нандида кутубхона, Сувада Фижи музейи (1906) мавжуд.

Матбуоти, радиоэшиттириши, телекўрсатуви. Фижида нашр этиладиган газ. ва жур. лар: «Дейли пост» («Кундалик почта», инглиз тилида чиқадиган кундалик газ., 1989 й. дан), «Фиджи Тайме» («Фижи вақти», инглиз тилида чиқадиган кундалик газ., 1869 й. дан), «Шанти дут» («Дунё хабарномаси», қинд тилида чиқадиган ҳафталик газ., 1935 й. дан), «Айленд бизнес» («Ороллар бизнеси», инглиз тилида чиқадиган ойлик жур., 1985 й. дан), «Нав джиоти» («Янги дунё», ҳинд тилида чикддиган ойнома, 1989 й. дан). «Фиджи бродкастинг комишн», ярим тижорат тусдаги радиоэшиттириш хизмати, 1954 й. тузилган. «Фиджи Телевижи» телекомпаниясига 1994 й. да асос солинган.