ФЕВРАЛЬ ИНҚИЛОБИ

ФЕВРАЛЬ ИНҚИЛОБИ (1917) Россияда самодержавиега барҳам берган инқилоб. Ф. и. ҳарбий мағлубиятлар ва хўжаликдаги вайронгарчилик билан боғлиқ равишда мамлакатда иқтисодий ва сиёсий таназзулнинг кескин кучайиши оқибати эди. Озиқ-овқат етишмаслиги туфайли 23 фев. да Петроградда стихияли тарзда урушга қарши митинглар бошланди, у иш ташлашлар ва намойишларга, казаклар ва полиция ўртасидаги тўқнашувларга, 24 — 25 фев. да эса ялпи иш ташлашга айланиб кетди. 26 фев. да қўшинларга қарши жанглар, 27 фев. да ялпи иш ташлаш қуролли қўзғолон даражасига кўтарилди, аскарлар оммавий тарзда қўзғолончилар томонига ўта бошлади. Қўзғолончилар шаҳарнинг муҳим жойларини, ҳукумат идораларини эгалладилар. Николай II тахтдан воз кечди. Давлат думасининг Муваққат комитети тузилди. Ишчи ва солдат депутатлари Совети сайланди. Муваққат комитет ҳукумат тузди. 1 март куни Москвада, март ойи давомида бутун мамлакатда янги ҳокимият ўрнатилди. Февраль инқилоби Туркистон ўлкаси мусулмон аҳолисини сиёсий жиҳатдан уйғотишда, демократик ўзгаришларга бошчилик килмоқчи бўлган янги кучларнинг сиёсат майдонига чиқишида муҳим аҳамият касб этди. Жадидлар вужудга келаётган миллий демократик кучларнинг ўзаги бўлишди. Улар минтақа туб халқларининг тараққиёти ва мустақиллиги тўғрисидаги ўз ғояларини Февраль инқилоби шиорлари билан боғлаб, ўзлари эълон қилган принципларни амалга оширишга фаол киришдилар. Тошкентда «Шўрои Ислом» 1917 й. 14 март) ташкилоти тузилиб, Туркистон тараққийпарварларининг аксарияти унинг атрофида бирлащци. Бундан ташқари, Тошкентда Ишчи депутатлари Совети (1917 й. 2 март) ҳам тузил ган эди. Туркистон ўлкаси генералгубернатори ва Туркистон ҳарбий округи қўмондони генерал Куропаткин, унинг ёрдамчиси генерал Ерофеев, округ штабининг бошлиғи генерал Сивере ўз вазифаларидан четлаштирилиб, 31 мартда уй кэмоғига ташланди. Муваққат ҳукумат томонидан 1917 й. 7 августда Туркистон ўлкасини бошқариш учун 9 кишидан иборат Туркистон комитета (раиси — кадет Н. Н. Шчепкин) тузилди. Шунингдек, Бутунтуркистон мусулмонларининг I қурултойи (1917 й. 17 — 21 апр.) да Туркистон ўлкаси мусулмонлари Марказий Кенгаши (Краймуссовет) ҳам тузилиб, барча миллий жамиятлар, ташкилотлар ва иттифоқлар бирлаштирилди. 1917 й. баҳорда Бухоро амирлиги ва Хива хонлигида ҳам сиёсий вазият кескинлашди. Бухорода 1917 йил апрель намойиши бўлди ва Хивада Идораи машрутия (1917 й. 5 апр.) ташкил топди. Ёш бухороликлар ва ёш хиваликлар бу хонликлар ҳудудида демократик ислоҳотлар учун курашдилар.

Ад.: Ўзбекистоннинг янги тарихи, 2китоб [Ўзбекистон Совет мустамлакачилиги даврида], Т.. 2000; Туркестан в начале XX века; к истории истоков национальной независимости, Т., 2000; Ражабов К,., Ҳайдаров М., Туркистон тарихи (19171924 й.), Т., 2002.

Қаҳрамон Ражабов.