«ФЕРУЗ» — Хоразм мақомларининг Наво мақоми пардалари асосида юзага келган мумтоз ашулалар туркуми. Огаҳийнинг «Ваҳ не балодур билмадим, эй дилрабо, қошу кузинг» ғазалига боғланган «Эски Феруз» («Ф.» II деб ҳам юритилади) Муҳаммад Раҳим I даврида яратилган. Авж қисмида Хоразм достон куй (нома)ларидан «Нолиш»нинг чолғу муқаддимаси ишлатилган. «Феруз» I «Эски Феруз»га нисбатан ҳажман йирик, авжлари баланд. У олдин Феруз ғазали «Базмимга келди ул пари…»га солиб уқилган. Кейинчалик хоннинг узи «Феруз» I ни устози Огаҳийнинг «Мушкин қошингни ҳайъати ул чашми жаллод устина» ғазали билан айтилишини амр этган. Иккала «Феруз» уч чоракли ўлчовда ривожланган «Зарбул қадим» усулида ижро этилади. Уларга савтлар ҳам боғланган. Баъзи тахминларга кўра, мазкур савтлар Муҳаммад Раҳим II саройи мақомчиси Матёқуб Фозачи ижодига мансуб. Савти Феруз 1 мураккаб тузилишга эга. Унинг Уфари жўшқин, шиддатли доира усулига боғланган. Уфарнинг ўрта пардаларида ҳофиздан овоз маҳоратини талаб этиладиган октава сакрашлари мавжуд. Савти Феруз I нинг Ҳ. Болтаев ва Р. Жуманиёзовлар ҳамнафаслигида ижро этилган намунаси машҳур. Савти Феруз II нинг оҳанглари Нақши Навонинг айнан узига ўхшаса ҳам, куй тузилиши ундан фарқ қилади. У Савти Феруз I га қараганда шухчан ва жозибалироқ. К. Отаниёзов, М. Раҳимов, Н. Юсупова, А. Вафоев, О. Худойшукуров, Ж. Набиев ва б. «Феруз» туркумининг машхур ижрочиларидир. Ботир Матёқубов.