ФЕЛЬЕТОН

ФЕЛЬЕТОН (франц. feuilleton < feuille — варақ, варақа) — бадиийпублицистик жанр. Ижтимоий қаёт масалаларини сатира ва юмор воситаси бн, яъни ижтимоий кулги асосида ёритади ҳамда ижтимоий танқид учун хизмат қилади.

Фельетон деб дастлабки даврда матбуотда берилган ижтимоийсиёсий, адабийтанқидий мавзудаги қизиқарли ва алоҳида ажратиб кўрсатилган материал ларга айтилган. «Туркистон вилоятининг газети»да босилган айрим адабий мавзудаги материаллар, жумладан, шоир Маҳтумқули ва Огаҳий ҳақидаги мақолалар мазкур рукн остида берилган. Кейинчалик, жамият тараққий этиши билан бу рукнда ижтимоий хаётда учрайдиган нуқсон ва камчиликларни кулги танқиди остига олувчи материаллар чоп этила бошлаган.

Фельетон ҳажвий публицистиканинг алоҳида жанри бўлиб, ижтимоий ҳаётда муҳим ўрин тутади. Мазкур жанрнинг асосий вазифаси жамият ҳаётининг ижтимоийсиёсий, иқтисодийи. ч. ва маданиймаънавий томонларини қамраб олган ҳолда ўзида акс эттириш, мазкур соҳаларда учрайдиган камчилик, нуқсон, ижтимоий иллатларни фош этиш, бу камчилик ва нуқсонларнинг тугатилишига эришиш, бинобарин, жамият ҳаётининг тараққиётига ижобий таъсир курсатищдан иборат. Фельетоннинг танқидий мақола ва б. жанрларга оид материаллардан фарқи — унинг ҳажвий публицистика қонуниятларига асосланиши, яъни ижтимоий кулги, сатира ва юмор воситаларига таянишидадир. Ижтимоий кулгининг хил ва кўринишлари турлича бўлиб, улар орасида киноя, пичинг, хазил, енгил кулги кабилар билан бир қаторда заҳархандали кулги, ижтимоий масхаралаш, гротеск (атайлаб бўрттирилган кулги) каби ҳажв воситалари ҳам мавжуд. Фельетонда ижтимоий кулгининг ана шу серқирра усулларидан кенг фойдаланилади.

Фельетон ўз олдига қўйган мақсад ва вазифасига кўра 2 хил — маълум фактга асосланган ва умумий Фельетон булиши мумкин. Маълум фактга асосланган Фельетонда ҳаётдан олинган аниқ фактлар, муайян одамларнинг ижтимоий нуқсонлари, фаолиятларидаги камчиликлари кўрсатилади (Фурқатнинг «Ҳинд найрангбози Ёркентда», Абдулла Қодирийнинг «Тошкент бойлари» ва б.). Умумий Фельетон эса ҳаётдаги бирор ижтимоий иллат, нуқсон ва муаммолар ҳақида бўлиб, унда мазкур масалалар ҳажвий мушоҳада этилади ва танқид қилинади (Абдулла Қодирийнинг «Калвак маҳзумнинг хотира дафтаридан», Абдулла Қаҳҳорнинг «Қуюшқон» ва б.).

Фельетон ёзилиш услуби жиҳатидан ҳикоя Фельетон, публицистик Фельетон, Ф. шарҳ, Фельетон тақриз, Фельетонлар туркуми кабиларга булинади. Буларнинг ҳар бирида Фельетонга хос умумий хусусиятлар б-н биргаликда алоҳида тасвирий услуб, ижодий йуналиш мавжуд. Фельетон жанрининг Фельетон репортаж, Фельетон суҳбат, Фельетон кундалик ва б. шакллари ҳам бор. Ф. насрий бўлиши билан бирликда шеърий ҳам бўлиши мумкин. Шеърий Фельетон бадиий адабиётнинг муҳим тури булган ҳажвий шеърият талабларига жавоб бериши, шунингдек, ўзида публицистик хусусият ҳам касб этиши, хаётда учрайдиган ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган иллатларни кулги, танқид остига олиши лозим. Мас, Ғафур Ғуломнинг 30-й. ларда яратилган «Қултиқланган калла тўғрисида қофияли ваъз» ҳажвий шеъри ўзбек хажвий публицистикасида яратилган биринчи шеърий Фельетон бўлган.

Ҳажвий публицистиканинг энг мураккаб ва мукаммал асарларидан бири — Ф. лар туркумидир. Бундай бадиийпублицистик асарлар бир неча Фельетон лардан ташкил топади. Фельетонлар туркуми ҳам ижтимоий ҳаётнинг энг муҳим масалаларига, кўзга кўринарли иллат ва нуқсонларини фош этишга бағишланади ва бир ёки бир неча муаллифлар томонидан ёзилиши мумкин. Бундай ҳажвийпублицистик асар фельетончидан ҳаётни чуқур кузатишни, катта ҳажвийпублицистик маҳоратни талаб қилади. Маълум бир ҳажвий тип билан боғланган Фельетонлар туркуми ҳажвий публицистиканинг энг мураккаб асарларидандир. Бундай Фельетонлар туркумига Абдулла Крдирийнинг «Калвак махзумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейдир?» каби асарлари мисол бўла олади. Моҳир фельетончи тўқима образлар — Калвак махзум ва Тошпўлат тажанг образлари орқали ўз даврининг ижтимоий иллатларини очиб ташлаган. Ҳажвий публицистиканинг бу ижодий анъанаси ҳоз. ўзбек ҳажвий матбуотида ҳам қўлланиб келмокда.

Фельетон бадиий публицистика жанри бўлганлиги сабабли, унда турли бадий воситалар, жумладан, бадиий тўқима ҳам иштирок этади. Аммо Фельетонда бадиий тўқима адабий асарлардагидан фаркли равишда чекланган кўринишга эга. У Ф. нинг асоси бўлиб хизмат қилаётган факт ва воқеалардан, «қаҳрамон»лар феълатворларининг мантиқидан келиб чиқиши лозим. Фельетонда образ муҳим ўрин тутсада, бадиий адабиёт асарларидан фарқли равишда, унда образ публицистик характерга эга бўлади.

Жаҳон матбуоти тарихида Фельетон жанри муҳим ўрин тутиб келган. Ўзбекистонда хам мазкур жанрнинг тарихи узок, замонларга бориб тақалади. Ҳали матбуот вужудга келмасдан илгари мазкур жанрнинг функцияларини ёзма ҳажвий адабиёт бажариб келганлиги маълум. Алишер Навоийнинг ҳаётдаги ижтимоий адолатсизлик, зулмзалолат ва б. иллатларга қарши қаратилган асарларини бу жанрнинг ўша даврдаги кўринишлари, дейиш мумкин. Кейинги даврларда ижод қилган Турди Фароғий, Махмур, Муқимий, Завқий ва б. нинг ўз давридаги мухим ижтимоий иллатларни фош этган ҳажвларини мазкур жанрнинг ёрқин намуналари, дейиш мумкин. Узбекистонда дастлабки матбуот нашрлари пайдо бўлиши билан Фельетон жанри матбуот жанри сифатида иш кўра бошлади ва тез суратлар билан тараққий этди. Айниқса, 20-а. нинг бошларида майдонга келган жадид матбуоти саҳифаларидан Фельетон жанри кенг ўрин олди ва ривожланди. Мазкур жанрнинг вужудга келиши ва тараққий этишида Ҳамза, Тавалло, Чўлпон ва б. катта хизмат қилдилар. А. Қодирий 20-й. ларнинг моҳир Фельетон чиси сифатида самарали ижод қилди. Ўзбек ҳажви усталари Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом ҳам мазкур жанрнинг ривожига салмоқли ҳисса қўшдилар.

Ўзбекистонда 90-й. лардан публицистиканинг бошқа жанрлари қаторида Фельетон жанри ҳам кенг ривожланди, унинг бир қатор янги турлари, жумладан, радиофельетон, телефельетонлар вужудга келди.

Мухтор Худойқулов.