ФЕЪЛ-АТВОР

ФЕЪЛ-АТВОР, характер — шахснинг атроф муҳитга ва ўзўзига муносабатида намоён бўладиган индивидуал хусусияти. Ҳар бир кишининг Феъл-атвор ида унинг босиб ўтган ҳаёт йўли акс этади. Кишининг Феъл-атвор ини билиб, маълум вазиятда ўзини қандай тутишини олдиндан кўриш ва унинг хаттиҳаракатини тўғри йўналтириш мумкин. Феъл-атвор хусусиятларининг 4 та тизими бор:

1) айрим инсонга, гуруҳга, жамоага нисбатан муносабатларни ифодаловчи хусусиятлар (яхшилик, меҳрибонлик қилиш, талабчанлик ва б.);

2) меҳнат фаолиятига нисбатан муносабатни акс эттирувчи хусусиятлар (меҳнатсеварлик, дангасалик, виждонлилик, меҳнатга масъулият ёки масъулиятсизлик билан муносабатда бўлиш ва б.);

3) нарса ва ашёларга нисбатан муносабатни ифодаловчи хусусиятлар (озодалик ёки ифлослик, нарсаларни аяш ёки уларга эҳтиётсизлик билан ёндашиш ва б.);

4) инсоннинг ўзўзига нисбатан муносабатини ифодаловчи хусусиятлар (иззатнафелилик, шуҳратпарастлик, димоғдорлик, камтарлик ва б.). Ф. а. нинг хусусиятлари туғма ва ўзгармайдиган хусусиятлар эмас, у инсоннинг турмуш шароитларига боғлиқ ҳолда таркиб топиб, ўзгариб боради, таком иллашади. Феъл-атворнинг шаклланишида бир неча турли руҳий таъсирлар мавжуд бўлиб, уларнинг ичида одат муҳим аҳамият касб этади. Феъл-атвор умумбашарий сифатлар билан чекланиб қолмасдан, миллий ва этнопсихологик хусусиятларга ҳам эга. Мас, ўзбек миллатининг ўзига хос миллий Феъл-атвор хислатлари мавжуд. Феъл-атвор сифатлари турмуш жараёнида тарбия, мехнат ва ижтимоий шароит таъсири билан маълум даражада ўзгаради. Уни яхши томонга ўзгартиришда ахлоқнинг ижтимоий меъёрларини ўзлаштириш, ўзўзини тарбиялаш ҳам катта аҳамиятга эга. Феъл-атворнинг шаклланишида ижтимоий муҳит ва тарбиянинг таъсири айниқса кучли.