ФЕДЧЕНКО МУЗЛИГИ — Ўрта Осиёдаги энг катта тоғводий музлиги. Помирнинг шим. ғарбида. Уз. 77,4 км, майд. 824 км2. Музнинг қалинлиги ўрта қисмида 1000 м дан зиёд. Музликнинг юқори қисми 7480 м, қуйи қисми эса 2900 м баландликда. Қор чизиғининг бал. 4650 м. Музлик учидан Селдара дарёси бошланади. Музликнинг энг йирик бўлаклари Сомониён, Гармо чўққилари тоғ массивлари ҳамда Шим. Танимас тизмаси атрофларида вужудга келган. Федченко музлиги Язғулом тизмаси шим. ён бағридан ва бир неча чўққилар тагидан бошланиб, Фанлар Академияси тизмасининг шарқий ён багри бўйлаб давом этади. Баландкийик дарёсининг водийсига келади ва 30 дан ортиқ музликни қўшиб олади.
1928—58 й. ларда музлик тили 30—35 м пасайиб фирнли қисми 12 м қалинлашган. Федченко музлигининг қуйи кисмини 1878 й. да В. Ф. Ошанин ўрганган, ўрта ва юқори қисмларини дастлаб 1928 й. Помир экспедицияси тадқиқ қилган. Музлик А. П. Федченко номи билан аталади.