ФАЙЗОБОД ХОНАҚОҲИ

ФАЙЗОБОД ХОНАҚОҲИ — Бухородаги меъморий ёдгорлик (1598—99). Абдуллахон II даврида Дўстум Девонбеги томонидан қурдирилган. Файзобод хонақоҳи кўп хонали, пештоқгумбазли, тарҳи 35*28,8 м. Марказида гумбазли катта хонақоҳ (12,7×12,7 м), 3 томондан равоқли бостирма (галерея) ўраб туради.

Олд томонида улкан пештоқ, 2 ён томонида 2 қаватли ҳужралар хамда равокли йўлак жойлашган. Пештоқ ва ҳужрапар тобадонига ганчкори панжаралар ишланган, хонақоҳ гумбази 8 қиррали пойгумбазга ўрнатилган. Хонага ёруғлик пойгумбаздаги дарчалардан тушади. Хонақоҳ ичи, гумбаз ости қирма пардози нақш билан нафис безатилган. Кулранг ва сариқ ганчдан ўйиб ислимий нақш ишланган. Бағаллари муқарнас бн, ҳошияси содда нақшлар билан зийнатаанган. Файзобод хонақоҳи очиқравокли галерея шаклида қурилганлиги билан ажралиб туради. Вайронага айланган Файзобод хонақоҳи 20-а. нинг 70—80 й. ларида Бухоро махсус илмий таъмирлаш и. ч. устахонаси (усталар А. Ҳаитов, Р. Қурбонов ва б.) томонидан қайта тикланган.