ФАЙСАЛОБОД

ФАЙСАЛОБОД (собиқ Лайалпур) — Покистоннинг шим. шарқий қисмидаги шаҳар. Панжоб вилоятида, Чинобод ва Рави дарёлари оралиғида. Аҳолиси 1,97 млн. киши (1998). Транспорт йўллари чорраҳаси. Пахтачилик рнининг йирик савдо-саноат маркази. Ип газлама, тикувчилик, озиқ-овқат (шакарқанд, ёғмой), кимё (минерал ўғитлар и. ч.) саноатлари, машинасозлик (асосан, тўқимачилик асбобускуналари) ва металлсозлик корхоналари, иссиклик электр стяси мавжуд. Ҳунармандчиликда қўлда гилам тўқилади, бадиий буюмлар (хусусан, қимматбаҳо тошлардан заргарлик буюмлари) тайёрланади. Шаҳар 19-а. охирида бунёд этилган.